Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Бувайда туманидаги 37-мактаб директори ўқитувчиларни 13 кун давомида тун-у кун навбатчиликка мажбурлагани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолатдан сўнг директор ишдан бўшатилди. Жамоатчилик фаоли Расул Қушербаев эса ушбу воқеага муносабат билдириб, айрим амалдорларнинг жиддий қоидабузарликлари жазосиз қолиб, оддий мактаб директори эса тезкор равишда жазоланганини адолатсизлик сифатида баҳолади.
Собиқ депутат Расул Кушербаев мактаб директорининг ишдан олиниши фонида юқори лавозимли амалдорларнинг дахлсиз қолаётганини танқид остига олди.
"Ҳокимлар истаганча урса-сўкса, вазирлар истаганча иш тутса, ҳоким ва ўринбосарлар истаганча дарахткушли қилса, жойларни хоҳлаганча бузиб ташлайдиган амалдорларимиз ишдан олинмайди аммо мактаб директори навбатчиликка қўйдиргани учун дарҳол ишдан олинади. Унинг сабаблари билан қизиқишмайди!", деб езган Кушербаев.
Ишдан олишга сабаб бўлган ҳолат Фарғона вилоятида содир бўлган. Туман мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида 37-мактаб директори вазифасини вақтинча бажарувчи раҳбар педагогларга уларнинг лавозим мажбуриятига кирмайдиган вазифани юклагани тасдиқланган.
Директор вазифасини бажарувчи раҳбар имзолаган буйруқ билан ўқитувчилар 25 декабрдан 6 январгача (13 кун) тун-у кун навбатчиликка жалб этилган. Педагоглар расмий дам олиш кунларида ҳам икки сменада ишлашга мажбурланган.
Раҳбарни ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқ бугун, 6 январь куни чиқарилган.
Вилоят бошқармаси тизимдаги бошқа раҳбарларни бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан огоҳлантирган. Шунингдек, мутасаддилар ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан битта мактабдаги ҳолатни бутун таълим тизимидаги вазият сифатида баҳоламасликни сўраган.

Изоҳлар мавжуд емас