Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси, Бош прокуратуранинг Шахсий хавфсизлик бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ҳамкорликда ўтказган тезкор-қидирув тадбирида Ургут тумани прокурори ўринбосарининг ноқонуний ҳаракатлари фош этилди.
Суриштирув маълумотларига кўра, мазкур мансабдор шахс Пастдарғом тумани прокуратурасида ишлаган даврида хизмат мавқеидан фойдаланган. У маҳаллий масъулияти чекланган жамиятлардан бири табиий газдан ноқонуний фойдаланиши оқибатида давлатга етказилган 2 миллиард 887 миллион сўмлик зарарни 805,9 миллион сўмга камайтириб беришни ваъда қилган. Ушбу хизмати эвазига воситачилар орқали 6,5 минг доллар ва 35 миллион сўм миқдорида пора олган.
Шунингдек, гумонланувчи компания мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан қўзғатилган жиноят иши доирасида зарар миқдорини яна 150-200 миллион сўмгача камайтириш ҳамда суд тизимидаги танишлари орқали енгил жазо тайинлатиб бериш эвазига корхона эгасидан қўшимча 15 минг доллар талаб қилган.
Мазкур ноқонуний ҳаракатлар бўйича ашёвий далиллар процессуал тартибда ҳужжатлаштирилган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчига нисбатан "қамоққа олиш" эҳтиёт чораси қўлланган. Дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Аввалроқ Яшнобод тумани Кадастр бўлими бош инспектори маҳаллий фуқародан 2 минг доллар пора олган вақтида тезкор тадбир давомида ушланганди.

Изоҳлар мавжуд емас