Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда онкологик ва гематологик касалликларга чалинган болалар ва ўсмирларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича 2025–2035 йилларга мўлжалланган Миллий режа доирасида 2030 йилгача болалар онкологиясида диагностика, даволаш, зарур дори воситалари ва реабилитация харажатларини давлат томонидан 100 фоиз қоплаш тизими шакллантирилади.
Шунингдек, 2026 йилдан бошлаб онкологик касалликларга чалинган болалар учун давлат тиббий суғуртаси ҳисобидан алоҳида хизматлар пакетини молиялаштириш белгиланган.
Ушбу пакет кимётерапия, мақсадли ва иммунотерапия каби дори воситаларини, замонавий диагностика, жарроҳлик амалиётлари ҳамда стационар даволанишни, психологик, ижтимоий ва паллиатив ёрдамни, телетиббиёт, рақамли хизматлар ва инновацион технологияларни, шунингдек, реабилитация ва тўлиқ соғайгунга қадар бўлган тиббий хизматларни ўз ичига олади.
Бундан ташқари, Миллий режа доирасида Республика болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг ҳудудлардаги 14 та филиали фаолияти такомиллаштирилади.
Бу орқали жойларда эрта ташхислаш, беморларни ўз вақтида йўналтириш, даволаш сифатини назорат қилиш ва мутахассислар ўртасида масофавий маслаҳатлашувларни кенгайтириш кўзда тутилган.
Шунингдек, ЖССТ, ЮНИСЕФ, халқаро молия институтлари ва бошқа ҳамкорлар билан биргаликда соҳага қўшимча инвестициялар жалб қилиш, замонавий диагностика имкониятларини кенгайтириш ҳамда тиббиёт ходимлари малакасини ошириш режалаштирилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда болалар онкологиясини ривожлантириш учун 174 миллион евролик лойиҳа маъқулланганди.

Изоҳлар мавжуд емас