Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сурхондарёда Gentra автомобилининг бетон тўсиққа урилиши оқибатида 4 нафар вояга етмаган бола ҳалок бўлди. Енгил автомобилни ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган 17 ёшли мактаб ўқувчиси бошқарган, машина ичида унинг синфдошлари бўлган.
Вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасидан маълум қилишларича, фожиа 3 июль куни кечқурун содир бўлган. Ўсмир унга фақат ювиш учун ишониб топширилган Gentra автомобилини олиб қочган. У эгасининг илтимосига қарамай, рулга ўтирган ва дўстлари билан сайрга чиққан. Бир пайт ёш ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, машина тезликда бетон тўсиққа бориб урилган.
“Мен шинанинг ёрилиб кетгани ёки йўқлигини дарҳол англамадим, лекин руль бирдан ўнгга кескин бурилди", - деб тушунтирди автоҳалокат сабабчиси.
Йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан текширув ўтказилмоқда. Автомобилни бошқарган ўсмир жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Аввалроқ Сурхондарёда 29 ёшли Nexia-2 ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 8 ёшли мактаб ўқувчисини уриб юборганди. Фожиа Узун туманидаги мактаб ёнида содир бўлган. Огоҳлантирувчи йўл белгисига қарамай, ҳайдовчи тезликни туширмаган.

Изоҳлар мавжуд емас