Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сурхондарё вилояти Узун туманидаги "Сув етказиб бериш хизмати" давлат муассасаси директори меҳнат таътилида бўлган ходимни мажбуран ишга жалб қилгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда ҳолат билан видео тарқалиб, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлганди.
Давлат меҳнат инспекцияси маълумотига кўра, муассасанинг янги тайинланган директори А.Абдусатторов таътилда экани ва соғлиғи сабабли шифокор назоратида бўлган ходимга расмий чақирув қоғозисиз босим ўтказган.
Ходимнинг таъкидлашича, раҳбар унга "Мендан прав сўрама", "Ёқмаса сур", "Қонингни ичаман" каби таҳдидли гапларни айтган. Инспекция ўтказган текширув давомида меҳнат қонунчилиги бузилгани, ходим қонуний таътили вақтида унинг хоҳиш-иродасига қарши равишда ишга жалб этилгани ҳамда унга нисбатан таҳдидли муносабатда бўлингани тасдиқланган.
Шу муносабат билан муассаса раҳбарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси — меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш бўйича маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилган.

Изоҳлар мавжуд емас