Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Татаристонда қурилиш корхонасида юз берган воқеа оқибатида 8 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди, бир неча нафар юртдошимиз тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилди. Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига мувофиқ, жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва ҳалок бўлганларни Ўзбекистонга олиб келиш учун Ҳукумат комиссияси тузилди.
Бош вазир ўринбосари О.Раматов бошчилигидаги комиссияга жабрланган фуқаролар ҳолидан хабар олиш, уларга зарур тиббий ва бошқа ёрдамларни кўрсатиш вазифаси юклатилган.
Шунингдек, ҳалок бўлганларни махсус авиарейс орқали Ўзбекистонга олиб келиш, уларни тегишли манзилларга етказиш ҳамда марҳумларнинг оила аъзоларига ҳар томонлама кўмаклашиш чоралари кўрилмоқда.
Зарур ишларни амалга ошириш учун Россияга махсус ишчи гуруҳ ҳам юборилган.
Жабрланган Ўзбекистон фуқаролари ҳақида тезкор маълумот олиш учун Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонасига +7 965 600 79 79 рақами ёки Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонасига +7 925 750 87 57 ва +7 925 127 00 02 рақамлари орқали мурожаат қилиш мумкинлиги билдирилган.
Эслатиб ўтамиз, воқеа 10 август куни эрталаб Татаристоннинг Нижнекамск шаҳрида содир бўлган эди. Дронлар ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам борлиги айтилганди. Ҳаммаси бўлиб 13 киши, жумладан, бир бола ҳалок бўлган, яна 75 жабрланувчи тиббий ёрдамга мурожаат қилган.

Изоҳлар мавжуд емас