Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда Тошкент давлат техника университети томонидан давлат-хусусий шериклик асосида қурилган, аммо ҳали расман фойдаланишга топширилмаган талабалар турар жойидан 300 нафар талаба тунда чиқариб юборилгани акс этган видеолар тарқалди.
Мурожаатчиларнинг сўзларига кўра, вилоятлардан келиб таҳсил олаётган талабаларга 5 октябрь куни турар жойни бир кун ичида бўшатиш талаби қўйилган. Кейинги куни эса университет проректори, прокуратура вакили ҳамда участка инспектори иштирокида бино тўлиқ бўшатилган.
Талабалар хостеллар ва танишлариникидан бошпана излашга мажбур бўлган. Масала юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига қилинган мурожаатлар ҳам натижа бермаган.
Вазирлик масъуллари лицензиясиз объект бўйича ички ишлар органларига мурожаат қилишни тавсия қилган. Ҳолат юзасидан вазирлик расмий муносабат билдириб, талабалар шаҳарчасида жойлашган мазкур талабалар турар жойи ҳали расман фойдаланишга топширилмаганини маълум қилган.
Текширувлар давомида тадбиркор томонидан кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмагани, тегишли рухсатномалар олинмагани, шунингдек, иссиқ сув ва иситиш тизими тўлиқ ишга туширилмагани аниқланган. Шунга қарамай, талабалар my.gov.uz орқали бериладиган тегишли йўлланмасиз ва белгиланган тартибга зид равишда объектга жойлаштирилган.
Шунингдек, вазирлик ахборотида ушбу бинога Тошкент давлат техника университетига алоқаси бўлмаган бошқа олий таълим муассасалари талабалари ҳамда хорижий талабалар ҳам ноқонуний жойлаштирилгани таъкидланган.
Вазирлик ва университет раҳбарияти ушбу ҳолатдан олдиндан хабардор бўлмаганини билдирган. Хавфсизлик чоралари доирасида талабалар бинодан чиқарилиб, университетнинг мавжуд бўш талабалар турар жойларига вақтинча кўчирилган. Бошқа олий таълим муассасалари талабалари эса ўз таълим муассасаларига қайтарилган.
Ҳозирда объектнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ва фойдаланиш учун зарур рухсатномаларни олиш ишлари давом этмоқда.
Шу билан бирга, тадбиркор томонидан талабалардан ундирилган тўловлар 100 фоиз миқдорида тўлиқ қайтарилган. Барча зарур ҳужжатлар расмийлаштирилганидан сўнг талабалар турар жойи белгиланган тартибда расман фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Изоҳлар мавжуд емас