Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Тошкент вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида коррупциявий ҳолатларни аниқлаш бўйича ўтказилган тезкор тадбирлар давомида мансабдор шахслар ва фуқароларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари фош этилди.

Тошкент вилоятидаги ҳолатда, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими методисти хусусий оилавий боғча очмоқчи бўлган фуқародан санитария талабларига мувофиқлик бўйича рухсатнома тайёрлаб бериш эвазига 1,5 миллион сўм ҳамда ёнғин хавфсизлиги хулосасини олиб бериш учун 200 доллар талаб қилган. Тезкор тадбир давомида методист сўралган маблағни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Терговни давом эттириш жараёнида ушбу 200 долларни олаётган вақтида туман Фавқулодда вазиятлар бўлими катта инспекторининг ҳам ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида ҳам шунга ўхшаш жиноий қилмиш қайд этилган. Чимбой туманида яшовчи фуқаро Кегейли туманида истиқомат қилувчи шахсга ёшга доир нафақа тайинланишида иш стажини сунъий равишда кўпайтириб беришни ваъда қилиб, эвазига 7 миллион сўм олаётган вақтида ушланган. Аниқланишича, мазкур аёл ушбу ноқонуний ишни Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида фаолият юритувчи ўғли орқали амалга оширишни режалаштирган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли моддалар билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб берилмоқда.
Аввалроқ Сурхондарё вилояти Ангор туманида фермер хўжалиги раҳбари 7,7 гектар ер майдонини ноқонуний равишда расмийлаштириб бериш эвазига пул талаб қилган вақтда қўлга олинганди.

Изоҳлар мавжуд емас