Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент вилоятида банкнинг минтақавий маркази Маҳаллабай ва давлат дастурлари билан ишлаш бўлими бошлиғи йирик миқдордаги пора билан қўлга олинди.
Маълум қилинишича, банк ходими 2024 йилда Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармаси томонидан электрон онлайн аукцион орқали отасига чорвачилик мақсадида ижарага берилган Қуйичирчиқ тумани ҳокимлиги балансидаги 16,05 гектар ер майдонини сотишни режа қилган ҳамда ҳокимлик захирасидаги яна 4 гектар ерни мансабдор танишлари орқали расмийлаштириб беришни ваъда қилган.
У ушбу хизматлари эвазига харидордан жами 4 миллион 250 минг доллар талаб қилган. Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида банк бўлим бошлиғи сўралган пул маблағидан 100 минг долларини олдиндан олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида Оҳангаронда қурилиш ташкилоти раҳбари 80 минг доллардан ортиқ пора олган вақтида ушланганди.

Изоҳлар мавжуд емас