Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. ЯА. Питбуль эгаси ит жангларини уюштириб, ити ҳисобидан пул ишлашни режалаштирган. Ғолиб 4450 долларни қўлга киритиши лозим эди. Бу ҳақида мухбиримиз хабар бермоқда.
6 январь куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ЖҚББ ва Зангиота тумани Ички ишлар бўлими тезкор-қидирув бўлими ходимлари Тошкент вилояти, Зангиота тумани, Назарбек қишлоғида қурилиши тугалланмаган уйда итларни уриштириш учун мўлжалланган вольер-рингни топишган.
Маълум бўлишича, шу тарзда 29 ёшли Р.А. қимор ўйинларини ташкиллаштириш орқали пул ишлаш режасини тузган. У 26 ёшли Д.К., шунингдек гаровга 2000 долларни қўйган питбуль эгаси билан ит жангини ўтказишга келишиб олган. Ташкилотчининг ўзи эса гаров пули сифатида 2450 доллар ва 500 000 сўмни таклиф этган.
Беллашувга 49 ёшли А.Х. ҳакамлик қилиши керак эди. Тезкор тадбир давомида ундан 4,450 АҚШ доллари ва итларни ўлчашга мўлжалланган электрон тарози ашёвий далил сифатида олинган.
Р.А. ҳибсга олиниб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 278-моддаси 1-банди ("Қимор ва бошқа хавфли ўйинларни ташкил қилиш ва ўтказиш") бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Иккала ит ҳам эгаларидан тортиб олинган ва вақтинча ИИБда сақланмоқда. Ички ишлар вазирлигининг Тергов департаменти маълум қилишича, итлар ходимлар томонидан парвариш қилинмоқда. Уларнинг эгаларини ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат қилганликлари учун қўшимча жавобгарликка тортиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Изоҳлар мавжуд емас