Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳри Янгиҳаёт тумани жиноят ишлари бўйича суди такси хизматини кўрсатиш давомида аёл кишига нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилган KIA русумли автомашина ҳайдовчисига нисбатан ҳукм чиқарди.
Воқеа 2026 йил 1 февраль куни кечқурун содир бўлган. Ҳайдовчи "Турон" метро бекати яқинида йўловчи аёлни автомашинасига чиқарган. У орқа ўриндиқ юклар билан банд эканлигини баҳона қилиб, аёлни олдинги ўриндиққа ўтиришга кўндирган. Манзилга етиб келгач, ҳайдовчи автомобиль эшикларини қулфлаб қўйган ва аёлнинг хоҳишига зид равишда жисмоний тегиниш орқали шаҳвоний шилқимлик қилган. Шунингдек, у аёлга меҳмонхонага боришни таклиф этган.
2026 йил 3 февраль куни бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида ҳуқуқбузар ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган. Иш ҳужжатларига кўра, суд ҳайдовчининг ҳаракатларини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси ("Шаҳвоний шилқимлик қилиш") бўйича малакалаган.
Ҳуқуқбузарнинг қилмишидан пушаймонлиги ва шахси инобатга олиниб, унга нисбатан 5 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Айбдордан Тошкент шаҳар ИИББ махсус қабулхонасида сақлангани учун 309 минг сўм миқдорида харажат ундирилиши белгиланган.
Учтепа туманида ҳам жиноят ишлари бўйича суд кўчада аёл кишига нисбатан шилқимлик қилган ва жамоат тартибини бузган шахсга нисбатан ҳукм чиқарганди.

Изоҳлар мавжуд емас