Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентдаги Яккасарой туман суди ўтган йил сентябрь ойида йўлдаги можаро вақтида Gentra ҳайдовчисига ҳужум қилиб, автомобил ойнасини синдирган, эркакни ҳақорат қилган ҳамда ҳомиладор рафиқасига нисбатан жисмоний куч ишлатиши оқибатида фарзандини йўқотишига сабабчи бўлган ота ва ўғилга ҳукм чиқарди. Судланувчилар озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.
Ҳодиса 19 сентябрь куни Яккасарой тумани Муқимий кўчасида содир бўлган. Тошкент шаҳар ИИББ хабарига кўра, Lacetti ҳайдовчиси ўнг қаторга ўтган, BYD ҳайдовчиси эса сигнал бериб, унинг ҳаракатланишига тўсқинлик қила бошлаган. Можаро давомида BYD ҳайдовчиси отаси билан бирга Lacetti ҳайдовчисига ҳужум қилиб, автомобиль ойналарини синдирган ва унинг ҳомиладор рафиқасига жисмоний куч ишлатган.
Воқеа жойидан олинган видео ижтимоий тармоқларда тарқалгач, воқеа кенг шов-шувга сабаб бўлган.
Суд ҳукм чиқаришда 24 ёшли судланувчи ва унинг 55 ёшли отасининг айбига қисман иқрорлигини инобатга олган. Дастлаб эркакларнинг ҳаракатлари қасддан баданга оғир шикаст етказиш сифатида баҳоланган. Бироқ, суд-тиббий экспертизаси жараёнида оғир тан жароҳатлари мавжудлиги, шунингдек, жабрланувчининг ҳомиладорлиги фактини тасдиқламади, шу сабабли айблов енгилроғига ўзгартирилди.
Якунда судланувчилар Жиноят кодексининг 277-моддасида ("Бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган безорилик") назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Суд уларнинг ҳар бирига 2 йил озодликни чеклаш жазосини тайинлади. Тергов ҳибсхонасида сақланган вақтни ҳисобга олган ҳолда, якуний жазо муддати 1 йил 6 ой 24 кунни ташкил этади.

Изоҳлар мавжуд емас