Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. ИИББ маълумотлари асосида мухбиримиз хабар беришича, Тошкентда мавжуд бўлмаган iPhone сотган йигитлар қўлга олинган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига Телергам орқали номаълум шахслар арзон нархда iPhone сотишни ташкил қилгани ҳақидаги хабар келиб тушган. Фирибгарлар телефонлар учун олдиндан тўловни олишлари биланоқ, ғойиб бўлишган.
Олиб борилган чора-тадбирлар натижасида бир неча ой давомида фуқароларнинг ишончига кириб ва уларни алдаган шахслар қўлга олинган. Маълум бўлишича, улардан бири 18 ёшда, иккинчиси эса 23 ёшда экан.
“Бизда Инстаграмда аккаунтимиз бор эди. У ерда iPhone сотилиши тўғрисида сохта хабарлар жойлаштирдик. Ҳавола орқали одамлар Телеграм каналига ўтишарди. Мен уларга моделлар ва нархларни ёзардим, кейин карта рақамини юборганман. Пулни олгандан сўнг, биз телефон тез орада етказиб берилишини ёзганмиз. Лекин аслида телефон йўқ эди. Кейин биз ёзишмаларни ўчириб ташлардик ва одамни блокка қўярдик”, -деди қўлга олинганлардан бири.
“Олдиндан тўлов сифатида нархнинг бир қисмини картага ўтказишни сўрардик, телефоннинг нархига қараб, у 1 миллион ёки ундан кўпни ташкил қилган. Одамлар рози бўлишарди. Пулни олганимдан кейин уларни Телеграмда блоклаб қўйдим. Бу пулларни ўз эҳтиёжларимизга сарфладик”, -деди қўлга олинган йигитлардан иккинчиси.
Тергов давомида маълум бўлишича, йигитлар бир неча бор бундай хатти-ҳаракатларни амалга оширган ва фирибгарлик йўли билан содда фуқароларнинг пулларини ўзлаштирган. Жабрланганлар орасида Тошкент ва вилоятлар аҳолиси ҳам бор. Ҳозирги вақтда гумон қилинувчиларнинг шу каби бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.
Ушбу ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) бўйича жиноий иш қўзғатилган. Йигитлар ҳибсга олинган, тергов тадбирлари давом этмоқда.
Изоҳлар мавжуд емас