Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Тошкентда ниқоб таққан ва пичоқ билан қуролланган икки нафар рецидивист кўп қаватли уйлардан бирида жойлашган шахсий хонадонга ҳужум қилишган. Шу пайтда уй бекаси ва унинг олти яшар ўғли уйда бўлган. Бу ҳақида “Тошкент” телеканали эфири орқали узатилган репортажга ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар бермоқда.
Воқеа 30 ноябрь куни соат 10: 30 атрофида содир бўлган. Жиноятчилар пичоқ билан таҳдид қилиб, уй эгасига тан жароҳатлари етказишган. Улар уй бекасининг қўл ва оёқларини боғлаб, ўзлари билан 500 доллар ва 700 долларлик тилла буюмларни олиб кетишган.
Тезкор-қидирув тадбирлари давомида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари жиноятчиларнинг шахсини аниқлашган.
Терговни чалғитиш мақсадида ҳар иккала шахс ҳам жиноят жойига бир неча таксида боришган. Худди шу тарзда улар ортга қайтишган. Аниқланишича, улар ака-ука экан. Ҳибсга олинганидан кейин улар жиноят жойида қилмишлари ҳақида гапириб беришган.
"Қиз қаршилик қилди, мен уни муштим билан юзига қаттиқ урдим. Ана шунда у пул ётоқхонада эканлигини айтди. У билан бирга ўша хонага бордим", - деди жиноятчилардан бири.
Хонадон эгасининг сўзларига кўра, эркаклардан бири уни ва ўғлини пичоқлаш билан таҳдид қилган.
"У мени бу ерга олиб келиб, пичоқ тақади. Кейин пичоқ билан юзимни кесиб, чандиқ қолдирди. У мендан пичоқнинг ўткирлигини ҳис қилдингми, деб сўради, кейин эса мен ва ўғлимнинг томоғимиздан сўйишни айтди", - деди аёл.
Жиноятчилар аёлнинг қўл-оёқларини компьютер симлари билан боғлаб, барча хоналарни тинтув қилиб, жиноят жойидан қочиб кетишган.
Сўроқ пайтида ака-укалардан бирининг айтишича, у илгари уй бекасининг эрига тегишли бўлган қурилиш компаниясида ишлаган ва маошини ололмаган.
"Қурилиш компанияси директори ҳар куни маошимни тўлашни ваъда қилган. Пул сўраганимда у вақт чўзиб, фақат ваъда берарди. Охирги маротаба мен билан гаплашмади ҳам. Кейин жаҳлим чиқиб, акам билан шу йўл орқали пулимизни олишга қарор қилдим”, -деди у.
Текширув давомида маълум бўлишича, иккала ака-ука илгари ҳам шунга ўхшаш жиноят содир этган экан.
Ака-укаларга нисбатан Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми (босқинчлик) бўйича жиноят иши очилган. Мазкур ҳолат бўйича тергов олиб борилмоқда.
Изоҳлар мавжуд емас