Тошкентда Onix тўхтаб турган юк машинасига урилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлди
Ҳодисалар

Тошкентда Onix тўхтаб турган юк машинасига урилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлди

48

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Мирзо Улуғбек туманида 21 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги Onix автомобили йўл четидаги юк машинаси билан тўқнашиб кетган. Тўқнашув натижасида Onix автомобили ичида бўлган йўловчи олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган.

Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизматининг хабар беришича, воқеа 2026 йил 8 январь куни соат 05:00 ларда Янги Ўзбекистон кўчасининг иккинчи даражали йўлида содир бўлган. 21 ёшли фуқаро бошқарувидаги Onix русумли автомобиль йўл четида ҳаракатсиз тўхтаб турган, 59 ёшли фуқарога тегишли бўлган ГАЗ-63 русумли юк машинасига бориб урилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одам ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Ҳуқуқ-тартибот органлари барча ҳайдовчилардан йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишни, тезликни оширмасликни ва чарчоқ ҳолатида рулга ўтирмасликни сўраб қолган.

Эслатиб ўтамиз, уч кун олдин Навоий вилоятининг Томди тумани ҳудудидан ўтган "Навоий–Учқудуқ" (А-379) халқаро йўлида аянчли ЙТҲ юз берганди. 17 йиллик тажрибага эга ҳайдовчи бошқарувидаги "ZHONG TONG BUS" русумли автобус йўлнинг ўнг томонига ағдарилиб кетиши сабабли икки киши вафот этган эди.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...