Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 12 ноябрь куни Тошкентда 31 ёшли эркакнинг вафотига сабаб бўлганлиги айтилаётган "Ibatov" номли хусусий клиника фаолияти бўйича айрим ташвишли ҳолатлар ошкор бўлмоқда. Хусусан, интернетда бундан икки йил аввал ушбу клиникада бурун операциясидан сўнг 3 ойлик комага тушиб, оғир ногирон бўлиб қолган 22 ёшли қизнинг мудҳиш тақдири ва бу каби ҳолатлар кўплиги ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Клиника раҳбари Нодир Ибатов эса барча айбловларни қисман рад этиб, ўз позициясини билдирди.
2023 йилнинг ёз ойларида Тошкентдаги университетлардан бирини битирувчиси Гавҳар Полвонова Олмазор туманидаги "Ibatov" номидаги клиникага бурун операцияси учун мурожаат қилади. Афсуски, операция муваффақиятсиз якунланади, ва қиз кома ҳолатига тушиб, комадан чиқгач хотирасини йўқотади ҳамда ногирон бўлиб қолади.

Қизнинг онаси сўзларига кўра, операция давомида Гавҳарнинг юрак фаолияти тўхтаб қолади. Беш дақиқа давомида юрак тўхташи оқибатида мияга қон етиб бормай, шиш пайдо бўлиб, қиз комага тушади. Онанинг айтишича, докторлар юрак тўхтаганини дарҳол сезмай, уни наркоз таъсирида деб ўйлаб, бошқа операцияни амалга оширишган.

Воқеадан сўнг Гавҳарнинг онаси клиника раҳбари Нодир Иботовга мурожаат қилиб, ёрдам сўраган. Бироқ, онанинг айтишича, Ibatov клиникаси бир марта ҳам кечирим сўрамаган ва молиявий ёрдам кўрсатмаган.
Она қизни даволаш ва реабилитация қилиш мақсадида Россияга олиб боради. Реабилитация жараёни бир неча ой давом этганлиги сабабли ҳар ойи учун 15 минг доллар тўлаш талаб қилинган. Онанинг айтишича, у ушбу маблағни тўлаш учун машина ва қимматбаҳо буюмларни сотиб, даволашни молиялаштирган, аммо маблағ тугаши оқибатида тўлиқ муолажаларни амалга оширолмаган.
Клиникадан қилиб қўйилган иш учун жавоб талаб қилиб борилганда, операция учун тўланган 18 миллион сўмни қайтариб бериш эвазига онадан "клиникадан даъвоим йўқ" деган ариза ёзиб бериш талаб қилинган.
Она бор даллилар билан судга мурожаат килди. Дастлаб, суд сиртдан қарор чиқариб, клиникадан 500 миллион сўм моддий ва 50 миллион сўм маънавий зарарни ундиришга қарор қилади. Бироқ, кейинчалик, номаълум сабабларга кўра, ижрочи томонидан иш тўхтатилади.
Қайта кўрилган судда эса моддий ва маънавий зарарни ундириш бутунлай рад этилган. Клиника директори Жамшид онага: "Адолат қарор топди, адолат қарор топди" деб айтади.
Энг ачинарлиси, Гавҳар Полвонова ягона қурбон эмас. Қизнинг онасининг таъкидлашича, ушбу клиника сабаб Ўзбекистон халқ артистининг қизи ҳам бурун операциясидан сўнг ногирон бўлиб қолган. Хонанда ўз қўли билан 3000 доллар бериб, қизининг операциясига рози бўлган. Аммо у исми сир сақланишини хоҳлаган.
Клиника раҳбари Нодир Ибатов иккала воқеага изоҳ берар экан, даъволарни кескин рад этиб, онанинг "ёлғон гапираётганини" айтган. Унинг сўзларига кўра, бу иш анестезиологнинг айби билан юз берган ва шифокорнинг ўзи 15 минг доллари миқдорида пул тўлаган. Шу билан бирга клиника томонидан жабрланувчиларга 350 миллион сўмга яқин пул берилганини, иш ёпилганини таъкидлаган, қизнинг онасидан "Даъвоим йўқ" мазмунидаги ариза ёзиб олинган.
Шунингдек, 31 ёшли марҳумнинг яқинлари берган маълумотларга тўхталар экан, Нодир Ибатов клиникани айбдор деб ҳисобламаслигини, аммо суд экспертиза хулосалари эълон қилингач айбдорлиги аниқланса, айбини тан олишга тайёрлигини маълум қилган.
Ибатовнинг сўзларига кўра, ҳодиса юз берган куни уни ходимлар чақиртирган. У клиникага етиб келиб, вазиятни ўрганганидан кейин дарҳол ёш йигитнинг қариндошларини чақиртиришни буюрган. Унинг айтишича, кеч хабар берилишига сабаб — беморга дефибрилляция ва тахминан 3 соат давомида юрак массажи амалга оширилгани билан боғлиқ.

Изоҳлар мавжуд емас