Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жорий йилнинг ёз ойларида Европада кузатилган аномал иссиқлик оқибатида 50 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмди. Шундан 32 619 та ўлим ҳолати кўмир, нефть ва газ ёқилиши оқибатида юзага келган юқори ҳарорат оқибатида юз берган.
Тадқиқотчиларнинг хулосасига кўра, ушбу ўлим ҳолатларининг қарийб 65 фоизи бевосита инсон фаолияти сабабли кучайган глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқ. Бу кўрсаткич 2022 йилда қайд этилган рақамлардан (29 480 та) 71 фоизга кўпдир. Тадқиқотчилар май ойидаги ва бошқа ҳудудлардаги кўрсаткичлар киритилмагани сабабли ҳақиқий талафот бундан ҳам юқори бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Ўлим ҳолатларининг қарийб учдан бири 17 июнь – 1 июль оралиғидаги кучли жазирама даврида юз берган бўлиб, унда ҳарорат одатдаги меъёрдан 5,3 даражагача (айрим шаҳарларда 12 даражагача) юқорилаган.
Иссиқ туфайли энг кўп талафот Италия, Франция, Испания ва Германияда қайд этилган. Вафот этганларнинг ярмидан кўпи 85 ёшдан ошган шахслардир, шу билан бирга, юқори ҳарорат 20–44 ёш оралиғидаги 800 дан ортиқ инсоннинг ҳам ўлимига олиб келган.
Хусусан, биргина Германияда йил боши июльгача кузатилган аномал жазирама сабаб қарийб 10 минг киши ҳаётдан кўз юмганди. Мамлакатда қайд этилган ушбу рекорд кўрсаткич сўнгги ўн йилликдаги энг юқори натижадан ҳам ошиб кетган.
Мутахассислар Ғарбий ва Шимолий Европа инфратузилмаси бундай ҳароратга мослашмаганини қайд этиб, аҳолини олдиндан огоҳлантириш, совитиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда қазилма ёқилғилардан фойдаланишни кескин камайтириш зарурлигини таъкидламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ кучли жазирама ва узоқ давом этган қурғоқчилик туфайли Европа дарёларида сув сатҳи кескин пасайиб, "очлик тошлари" деб аталадиган, асрлар давомида дарёларнинг ҳаддан ташқари саёзлашиши ва у билан боғлиқ озиқ-овқат муаммоларини қайд этиб келганди, ўйиб ёзилган белгилар ва ёзувлар туширилган харсанг тошлар пайдо бўлганди.

Изоҳлар мавжуд емас