Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг ҳамкорлиги натижасида бир неча йилдан буён халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси Туркия ҳудудида аниқланиб, қўлга олинди ва белгиланган тартибда Ўзбекистонга қайтарилди.
У Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) ҳамда 223-моддасида (қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланиб, халқаро қидирувга берилган.
Тергов маълумотларига кўра, у бошқа шахслар билан олдиндан тил бириктириб, фуқароларни алдов йўли билан Қозоғистон орқали Таиланд ва Туркияга олиб чиқиб, у ерда фоҳишалик билан шуғулланишга жалб қилганликда айбланмоқда.
Ўзбекистон ва Туркия ваколатли органларининг ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирлари натижасида унинг қаердалиги аниқланиб, қўлга олиниши ва Ўзбекистонга қайтарилиши таъминланган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар жиноят содир этиб, хорижда яшириниш шахсни жавобгарликдан озод қилмаслигини таъкидлаган.
Бундан олдин турли оғирликдаги жиноятларни содир этганликда гумонланиб, Интерпол линияси бўйича халқаро қидирувда бўлган 6 нафар Ўзбекистон фуқароси Бирлашган Араб Амирликларидан Ўзбекистонга экстрадиция қилинганди.

Изоҳлар мавжуд емас