Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Туркиянинг Истанбул шаҳрида фармацевтик воситадан заҳарланиш оқибатида Ўзбекистон фуқароси Моҳирано Мелиева вафот этди. Бу ҳақда 2026 йил 19 сентябрь куни мамлакатимизнинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, у уй шароитида қилинган осма укол муолажасидан сўнг оғир аҳволда реанимация бўлимига ётқизилиб,шифокорлар танасида оғир даражадаги куйиш аломатлари пайдо бўлган ва номаълум доридан кучли аллергик реакция олган аёлнинг яшаб кетиш эҳтимолини атиги 1 фоиз деб баҳолашганди.
Маълум бўлишича, ватандошимиз хасталик даврида уй шароитида ноқонуний ва тегишли малакага эга бўлмаган шахслар томонидан даволанган. Даволаниш жараёнида қабул қилинган дори воситаларининг ножўя таъсири натижасида беморнинг аҳволи оғирлашиб, қонида инфекция ривожланган ҳамда организмида кучли реакция кузатилган.
Шунга қарамай, у ўз вақтида шифохонага олиб борилмаган. Беморнинг аҳволи оғирлашгач, у дастлаб Мармара шифохонасига, сўнг Картал туман шифохонасига кўчирилган, бироқ кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.
Марҳуманинг жасади Бош консулхона ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миграция агентлиги ҳамкорлигида ватанига қайтарилган.

Изоҳлар мавжуд емас