Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Мухбиримиз хабар беришича, Тошкентда ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, ЙПХ инспекторини уриб кетган.
"1 сентябрь куни соат тахминан 19:00да Миробод туманидаги Шаҳрисабз кўчасида ЙПХ иккинчи батальон инспектори катта сержант Салим Умаров хизмат вазифасини бажараётган эди. Grand Мир меҳмонхонасидан яқинида у ҳужжатларни текшириш учун 25 ёшли Б.Жоҳонгир бошқарувида бўлган Captiva автомобилини (давлат рақами 01 Q 772 ВВ) тўхтатган. Текширувдан сўнг ҳайдовчига ҳужжатларни қайтаргач, катта сержант транспорт воситасини четлаб ўтиб, йўл ёқасига ўтмоқчи бўлган", - дея қайд этмоқда ИИББ.
Шу пайтда Lacetti (давлат рақами 01 Т 789 НВ) автомобилини бошқараётган 19 ёшли Темурбек М. Миробод кўчасидан чиқиб, бошқарувни йўқотиши натижасида Captiva автомобили билан тўқнашиб кетган. Кейин эса инерция билан ҳаракатланишни давом этиб, ЙПХ ходимини уриб юборган.
Йўл транспорт ҳодисаси натижасида 30 ёшли ЙПХ инспектори сержант Салим Умаров тан жароҳати олиб, касалхонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Ушбу ҳолат бўйича терговолди текширув олиб борилмоқда. Қонуний қарор қабул қилиш учун тўпланган материаллар прокуратурага топширилган.
Изоҳлар мавжуд емас