Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълум қилишича, сўнгги пайтларда номаълум шахслар томонидан “Uzum nasiya” номи билан қўнғироқлар қилиниб, фирибгарлик ҳолатлари содир этилаётгани ҳақида мурожаатлар кескин кўпайган.
Маълумотларга кўра, фирибгарлар "**21242" рақамидан фуқароларга қўнғироқ қилиб, "сиз акцияда маиший техника ютдингиз, ютуқни олиш учун идентификациядан ўтинг" деган баҳона билан SMS орқали келган кодни сўрашмоқда. Аслида эса улар истеъмолчи номига муддатли тўлов шартномаси расмийлаштиришмоқда.
Қўмита бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида "SHAFFOF-MOLIYA" МЧЖ, "UZUM MARKET" МЧЖ ҳамда Марказий банкка расмий мурожаатлар юборган.
Рақобат қўмитаси истеъмолчиларга шубҳали қўнғироқларга ишонмасликни, шахсий маълумот ва SMS-кодларни ҳеч кимга бермасликни, платформаларнинг расмий ва ишончли манбаларини текшириб олиши кераклигини айтиб, мурожаат қилган.
Фуқаролардан эҳтиёткор бўлиш ва шубҳали ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш сўралмоқда.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда "Korzinka" супермаркетлар тармоғи ("Anglesey Food" МЧЖ ХК) томонидан янги дўкон очилиши муносабати билан ўтказилаётгани айтилган ютуқли ўйин ҳақидаги реклама хабарлари кенг тарқалганди. Бироқ, "Korzinka"нинг расмий веб-сайтларида бундай акция ҳақида ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас эди.

Изоҳлар мавжуд емас