Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консулхонаси Россияда мушкул вазиятга тушиб қолган она ва унинг фарзандини Ватанга қайтишига ёрдам берди.
Маълум бўлишича, ватандошимиз Россия миграция қонунчилигини бузгани оқибатида унинг уч ёшлик фарзанди васийликка олиниб, Новосибирскдаги Болалар уйига жойлаштирилган.
Вазиятдан хабар топган Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консулхонаси муаммони ҳал этиш чораларини кўрган. Дипломатлар хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш маркази ҳамда реабилитация маркази вакиллари билан музокаралар олиб борган.
Натижада она ва боланинг Ўзбекистонга қайтиши учун зарур ҳужжатлар, жумладан, Ватанга қайтиш сертификатлари расмийлаштирилган.
Шундан сўнг Бош консулхона вакиллари чақалоқни реабилитация марказидан олиб, Новосибирск аэропортида кутиб турган онасига топширган.
Она ва бола 28 август куни Россия авиакомпаниясининг рейси билан Тошкентга қайтарилган.
Аввалроқ ҳам Санкт-Петербургда оғир вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароси ва унинг олти нафар фарзанди зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб, "Санкт-Петербург – Самарқанд" авиарейси орқали Ватанга қайтарилганди.

Изоҳлар мавжуд емас