Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида сохта колл-марказ ташкил этиб, фуқароларнинг пулларини ўзлаштирган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Гуруҳ аъзолари фирибгарлик йўли билан қўлга киритилган 8 миллион долларни криптоактивлар орқали хорижга чиқариб, легаллаштирганликда гумонланмоқда.
Тергов маълумотларига кўра, Тошкент шаҳри ва вилоятида яшовчи 1989–2005 йилларда туғилган беш нафар шахс Миробод туманидаги нотурар бинода сохта колл-марказ ташкил қилган. Улар турли банклар номидан фуқароларга қўнғироқ қилиб, номларига ноқонуний кредит расмийлаштиришга уриниш бўлаётганини айтган ва шахсий маълумотларини қўлга киритган. Натижада жабрланувчиларнинг банк карталаридаги пуллар ўзлаштирилган ва уларнинг номига онлайн кредитлар расмийлаштирилган.
Гуруҳ фаолиятида ноқонуний GSM-шлюз қурилмаларидан фойдаланилган. Ушбу қурилмалардан бири гуруҳга алоқадор 37 ёшли шахс томонидан ижарага олинган хонадонга ўрнатилган.
Маълум қилинишича, аввал судланган 47 ёшли шахс гуруҳга раҳбарлик қилган. Унинг аъзолари орасида йирик банклардан бирининг бош офисида киберхавфсизлик бўлими ходими ҳам бўлган.
Жиноий йўл билан олинган маблағлар сохта масъулияти чекланган жамият орқали криптовалютага айлантирилиб, хорижга чиқарилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов давомида жиноятга алоқадор бўлган 10 нафар шахс аниқланган.
Жорий йилнинг 6 июль куни ҳам Фарғона вилоятида Ички ишлар бошқармаси Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда бир нечта криптобиржалар орқали 2,5 триллион сўмлик крипто-активлар айланмасини ноқонуний амалга оширган маҳаллий фуқаро қўлга олинганди.

Изоҳлар мавжуд емас