Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтмаган ва таркибида ботулинотоксин бўлган косметик воситаларни қўллаш оқибатида жиддий заҳарланган фуқаролар сони 50 нафарга яқинлашди. Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази давлат муассасаси Refinex Botulinum Toxin Type A for Therapy ҳамда Dysport 500 Clostridium botulinum type A toxin-haemagglutinin complex маҳсулотлари соғлиқ учун ўта хавфли эканидан аҳолини яна бир бор огоҳлантирган.
Бундан олдин ҳам Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ботулотоксин сақловчи айрим косметологик маҳсулотлар қўлланилганидан сўнг оғир ножўя ҳолатлар қайд этилгани муносабати билан аҳолини огоҳлантирганди. Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази клиникасига бу ҳақида кўплаб мурожаатлар келиб тушган эди.
Айни пайтда заҳарланган тиббий беморларнинг бир қисмида ботулизмга хос клиник белгилар аниқланиб, уларга шифохоналарда стационар шароитда зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Ҳозирги вақтда ваколатли органлар томонидан мазкур ҳолатлар юзасидан ҳар томонлама ўрганиш ва назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Мутахассислар ушбу маҳсулотларнинг келиб чиқиши, мамлакат ҳудудига ноқонуний йўллар билан олиб кирилиши ва ички бозордаги айланмаси билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаштирмоқда.
Маълум қилинишича, юқорида номлари келтирилган препаратлар Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтмаган, шу боис уларнинг хавфсизлиги, сифати ва самарадорлиги давлат томонидан кафолатланмаган.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази фуқаролардан соғлиғини хавфга қўймаслик учун косметологик муолажаларни фақат махсус лицензияга эга бўлган тиббиёт муассасаларида амалга ошириш, ишлатилаётган ҳар қандай препаратнинг Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтгани ва қонуний эканини исботловчи ҳужжатларни талаб қилишни сўрамоқда.
Келиб чиқиши номаълум бўлган ёки шубҳа туғдирувчи воситалардан фойдаланишни зудлик билан тўхтатиш кераклига айтилмоқда.
Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, агар ушбу маҳсулотлар қўлланилганидан кейин кўришнинг хиралашиши, қовоқлар осилиши, ютиниш ёки гапиришнинг қийинлашиши, мушаклар кучсизлиги ҳамда нафас олишнинг оғирлашиши каби аломатлар кузатилса, фуқаролар ҳеч қандай пайсалга солмай, тезкор тиббий ёрдамга мурожаат қилишлари шартлиги билдирилган.

Изоҳлар мавжуд емас