Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Андижон ва Сурхондарё вилоятларида тадбиркорлардан пора талаб қилишда гумонланаётган солиқ идоралари ходимлари ушланди. Иккала ҳолатда ҳам гап мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва текширув ўтказиш билан қўрқитиш ҳақида бормоқда.
Андижон вилоятида солиқчи тадбиркордан текширув ўтказиш билан қўрқитиб, пора талаб қилган. Унинг айтишича, Олтинкўл туманида радио ва телеаппаратура савдоси билан шуғулланувчи корхонанинг солиқ ҳисоботларида хатоликлар бор эмиш. Текширув ўтказмаслик эвазига инспектор 3 минг доллар талаб қилган.
Дастлаб тадбиркор унга 500 доллар пул берган бўлса, қолган 2 500 долларни бераётганида инспектор ДХХ ва Тергов қўмитаси ходимлари томонидан ушланди. Унинг ҳузурида ашёвий далиллар олиб қўйилди.
Бошқа бир ҳолатда эса Сурхондарё вилояти солиқ бошқармаси солиқ органлари фаолиятини назорат қилиш бўлими бош инспектори Жарқўрғон туманида мотоцикл ва эҳтиёт қисмлар савдоси билан шуғулланувчи корхона раҳбарига режадан ташқари солиқ текшируви ўтказиш билан таҳдид қилган. Текширувдан бош тортгани учун у 2500 доллар талаб қилган.
У барча пулларни олганидан сўнг ДХХ ва прокуратура ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Иккала инспекторга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми "в" банди ва 28, 211-моддаси 1-қисми (фирибгарлик, пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган. Улар ҳибсга олинган, тергов давом этмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас