Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жанубий Кореяда Сурияда фаолият юритувчи террорчилик ташкилотига пул ва транспорт воситалари юборишда гумонланаётган 4 нафар Ўзбекистон фуқароси терроризмни молиялаштиришга қарши қонунни бузганликда гумонланиб ушланди. Бу ҳақда Кванжу шаҳар полиция агентлиги маълум қилган.
Тергов маълумотларига кўра, 30 ёшлардаги гумонланувчилардан бири 2025 йил апрелидан бошлаб тахминан 8 ой давомида БМТ томонидан террорчилик ташкилоти сифатида рўйхатга олинган "Катиба ат-Тавҳид вал-Жиҳод" (KTJ) гуруҳига криптовалюта орқали 6,3 миллион вон — қарийб 4,6 минг доллар юборган.
Шунингдек, у мазкур гуруҳдан криптовалюта олгани ва ушбу маблағларга Жанубий Кореяда умумий қиймати 170 миллион вон бўлган 11 та ишлатилган автомобиль ҳамда 2 та экскаватор харид қилиб, уларни Сурияга жўнатгани гумон қилинмоқда.
Терговчиларнинг фикрича, гумонланувчининг ташкилот билан расмий алоқаси бўлмаган. Бироқ у мазкур гуруҳ аъзоси бўлган укаси билан алоқа қилганидан кейин уни қўллаб-қувватлай бошлаган.
Гумонланувчи 2026 йил март ойида Интерполнинг "қизил хабарнома"сига киритилганидан бир ой ўтиб, апрель ойида ҳибсга олинган. Кейинчалик унга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, қамоқда сақланган ҳолда судга жалб қилинган.
Қолган 3 нафар Ўзбекистон фуқароси эса асосий гумонланувчига ишлатилган автомобилларни топиш каби ишлар билан ёрдам берганликда айбланмоқда. Улар ҳибсга олинмаган ҳолда полиция томонидан сўроқ қилинган.
Полиция асосий гумонланувчи ўз ҳамюрти номига расмийлаштирилган ишлатилган автомобилларни экспорт қилиш компаниясини бошқарганини ҳам аниқлаган.
Олдинроқ Жанубий Кореянинг Кимхэ шаҳрида 20 ёшлар атрофидаги Ўзбекистон фуқароси тўртта мушукчани бешинчи қават ойнасидан ташлаб юборгани гумони билан жавобгарликка тортилганди. Ҳодиса оқибатида барча мушукчалар ҳалок бўлган эди.

Изоҳлар мавжуд емас