Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида 40 нафардан зиёд ўзбекистонлик зиёратчи оғир вазиятда қолгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мурожаатчи Бобур Раҳмоновнинг сўзларига кўра, умра зиёрати учун келган фуқаролар сайёҳлик фирмаси томонидан ташлаб кетилган. Зиёратчиларни қаровсиз қолдирган фирма MOXI-TOBON TRAVEL экани таъкидланмоқда.

Энг муҳим жиҳат шундаки, турфирма Дин ишлари ва Туризм қўмиталари томонидан эълон қилинган, Умра зиёратини ташкил этиш ҳуқуқига эга бўлган расмий фирма рўйхатида мавжуд эмас.
Лицензияга эга бўлган турфирмалар рўйхати қуйидагилар:
-
Ihlos Travel 1
-
Yuksak Travel Air
-
Muhtasham Travel
-
Musffo Turizm Xizmati
-
Risola Travel Lux
-
Xorazm Umra Jamiyati
-
Hikmat Umra Travel
-
Real Dreams
-
Travel with Family
-
Sofa Marva Tour
-
B2 Management
-
Safar Time Exclusive
Бу шуни англатадики, фирма ноқонуний равишда зиёратчиларни тўплаган, умра ташкил этиш учун талаб қилинадиган 100 минг доллар миқдоридаги мажбурий захира маблағини шакллантирмаган. Зиёратчиларнинг хавфсизлиги ва қайтиш чипталари учун ҳеч қандай ҳуқуқий кафолат бермаган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, лицензиясиз Умра тадбирларини ташкил этганлик учун юридик шахсларга 75 миллион сўм миқдорида жарима белгиланган. Бироқ, Жиддада фуқароларнинг кўчада қолиши ва моддий зарар кўриши ҳолати юзасидан фирма раҳбарларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари (фирибгарлик ва инсон ҳаётини хавф остида қолдириш) бўйича иш қўзғатилиши мумкин.
Бундай вазиятларда фуқаролар Ўзбекистоннинг Бош консулхонасига мурожаат қилишлари ва ўзларини алдаган фирма билан тузилган шартнома ёки тўлов ҳужжатларини тақдим этишлари лозим. Бу уларни Ватанга қайтариш ва айбдорларни жавобгарликка тортишда асосий далил бўлиб хизмат қилади.

Изоҳлар мавжуд емас