Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бухородаги 42-мактаб ўқувчилари дарс вақтида мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси эса ўқувчилар бинодаги хавфсизлик муаммолари сабаб бошқа мактабга кўчирилаётганини, улар таъмирлаш ишларига жалб қилинмаганини билдирди.
Бошқарма маълумотига кўра, мактаб биноси авария ҳолатида деб топилгани сабабли ўқувчилар бошқа таълим муассасаларига кўчирилмоқда, бу жараёнда ўқувчилар иштирок этмаяпти.
1958 йилда қурилган, 800 ўринга мўлжалланган мактабда ҳозирда 1 329 нафар ўқувчи таҳсил олади.
Бинода техник носозликлар, жумладан, мусиқа зали жойлашган учинчи қават томининг қулаб тушиши, бошқа хоналарда эса чўкиш ва конструктив деформация ҳолатлари аниқланган.
Бухоро вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекциясининг 2026 йил 9 ноябрдаги хатида мактаб ўқув бинолари фойдаланишга яроқсиз деб топилган ва улардан фойдаланишни тақиқлаш тавсия этилган.
Шу сабабли таълим жараёнини 44-мактаб ҳамда Бухоро юридик коллежининг бўш биноларида давом эттириш чоралари кўрилмоқда.
Ўқув жиҳозлари ва зарур воситаларни янги манзилларга кўчириш ишлари мактабнинг техник ходимлари ҳамда ихтиёрий ёрдам бераётган ота-оналар иштирокида амалга оширилмоқда.
Бошқарма маълум қилишича, 42-мактаб ҳудудида ҳозир таъмирлаш ишлари олиб борилмаяпти. Кўчириш жараёнида ўқувчилар иштирок этмаяпти ва улар ҳеч қандай меҳнат ишларига жалб қилинмаган.
Шунингдек, мактабда қўшимча 540 ўринли ўқув биноси қуриш режалаштирилган. Ҳозирда унинг смета-лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.
Олдинроқ реабилитация марказида болаларнинг тозалаш ишларига жалб этилгани юзасидан расмийлар муносабат билдирганди.

Изоҳлар мавжуд емас