Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган VIL-GROUP фаолияти атмосфера ҳавосига таъсири юзасидан аҳолида хавотир уйғотмоқда. Туркистон маҳалласи яшовчилари ишлаб чиқариш жараёнида ҳаво ифлосланаётганини билдириб, масъул идоралардан вазиятни назоратга олишни сўрамоқда.
Маълум бўлишича, корхона лагмон маҳсулотлари ва соя соуси ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Маҳаллий аҳоли корхонадан чиқаётган ташламалар атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан хавотирда.
Ваколатли идоралар корхона фаолиятини ўрганиб, атмосферага чиқарилаётган моддалар миқдори ва экологик талабларга амал қилинаётганини аниқлаши кутилмоқда.
Амалдаги "Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида"ги қонунга кўра, ҳавога ифлослантирувчи моддалар чиқарувчи корхоналар зарарли ташламаларни тозалаш ускуналаридан фойдаланиши, уларнинг ишлашини назорат қилиши ва санитария-муҳофаза зоналарини ташкил этиши шарт.
Фуқаролар эса ҳаво ҳолати ва уни муҳофаза қилиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида давлат органларидан ишончли маълумот олиш ҳуқуқига эга.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 85-моддасида белгиланган меъёрдан ортиқ ифлослантирувчи моддаларни ҳавога чиқариш ёки тегишли рухсатсиз ташламаларни амалга ошириш учун жавобгарлик назарда тутилган.
Кодекснинг 86-моддаси эса зарарли моддаларни тозалаш иншоотларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш ёки улардан фойдаланмаслик учун жавобгарликни белгилайди. Ҳозирча ушбу эътирозлар бўйича расмий текширув натижалари эълон қилинмаган.
Олдинроқ Бекободдаги корхона ҳавони меъёрдан минг баравардан ортиққа ифлослантиргани аниқланганди.

Изоҳлар мавжуд емас