Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси кундалик мулоқотда араб тилидан кириб келган айрим диний атамалар ўрнига қозоқ тилидаги сўзлардан фойдаланишни тавсия қилди. 13 ноябрь куни эълон қилинган баёнотда бу тавсиялар диний ибодатларни араб тилида бажариш тартибига таъсир қилмаслиги таъкидланган.
Муфтийлик "ифтор" сўзи ўрнига "ауызашар", "сухур" ўрнига эса "сәресі" атамасини ишлатишни таклиф қилган.
Шунингдек, арабча "ахи" ва "ухти" сўзлари ўрнига қозоқ тилидаги "бауырым", "ағам", "інім", "әпкем", "апам", "қарындасым" каби мурожаат шаклларидан фойдаланиш тавсия этилган.
"Абла", "аби", "брат" ва "сестра" каби сўзлар ўрнига ҳам анъанавий қозоқча мурожаатлардан фойдаланиш кераклиги айтилган.
Бундан ташқари, беш вақт намозни қозоқ тилидаги номлари билан аташ таклиф қилинган. Унга кўра, бомдод намози "таң", пешин "бесін", аср "екінті", шом "ақшам", хуфтон эса "құптан" деб аталиши мумкин.
Диний бошқарма бу тавсиялар Қуръон оятлари, намоздаги дуолар ва зикрларни араб тилида ўқишга тааллуқли эмаслигини алоҳида таъкидлаган.
Ташаббус кундалик мулоқотда миллий тилдаги сўзлардан фойдаланишни кенгайтиришга қаратилган.
Мазкур баёнот Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев диний тушунчаларни ифодалашда анъанавий қозоқча сўзлар ўрнига арабча атамаларнинг кенг қўлланилаётганини танқид қилганидан уч кун ўтиб эълон қилинган.

Изоҳлар мавжуд емас