Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жиззах вилоятида сохта харид чеклари орқали миллиардлаб сўмлик давлат маблағларини ноқонуний ўзлаштириб келган шахслар аниқланди. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда йирик молиявий фирибгарлик схемаси фош этилди.
Аниқланишича, икки фуқаро ҳамда икки масъулияти чекланган жамиятнинг мутасаддилари ўзаро тил бириктирган. Улар амалда ҳеч қандай олди-сотди бўлмагани ҳолда, гўёки 16,6 миллиард сўмлик маҳсулотлар етказиб берилгани ва савдодан тушган пуллар назорат-касса машиналари орқали кирим қилингани ҳақида сохта маълумотлар расмийлаштиришган.
Ушбу схема доирасида жами 3 106 дона сохта харид чеклари чиқарилган. Сўнгра мазкур чеклар Soliq Mobile мобил иловаси орқали ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган фуқаролар номидан рўйхатдан ўтказилиб, давлат бюджетидан 1,9 миллиард сўм маблағ "кешбек" сифатида ундириб олинган ва ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ушбу иқтисодий жиноятнинг барча тафсилотларини аниқлаш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистонда сохта ҳужжатлар ва қалбаки фискал чеклар орқали миллиардлаб сўмлик кешбек маблағларини ноқонуний ундириб олмоқчи бўлган йирик тизимли фирибгарлик схемаси фош этилганди. Солиқ қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида яширин иқтисодиётнинг ушбу занжири бартараф этилиб, давлат бюджети пулларини талон-торож қилишга бўлган уринишларнинг олди олинган эди.

Изоҳлар мавжуд емас