Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қирғизистон 2028 йилги футзал бўйича Осиё кубогини ўтказиш учун мезбон мамлакат сифатида танлашга тавсия этилди. Бу ҳақда Осиё футбол конфедерациясининг футзал ва пляж футболи қўмитаси йиғилишидан сўнг ташкилотнинг расмий сайтида хабар берилди.
ОФК маълумотига кўра, Қирғиз футбол иттифоқининг мезбонлик учун тақдим этган аризаси Хитой ва Қувайт футбол ассоциацияларининг таклифларидан устун деб топилган.
Қирғизистондаги мусобақани ўтказиш учун спорт заллари, машғулот майдонлари, меҳмонхоналар ҳамда транспорт-логистика имкониятлари ўрганилган.
Қирғиз футбол иттифоқи аввалроқ мамлакат 2028 йилги мусобақани қабул қилиш учун расман ариза топширганини билдирган.
2026 йил 30 сентябрь — 2 октябрь кунлари ОФК вакиллари мамлакатга ташриф буюриб, спорт иншоотлари ва бошқа инфратузилмаларни кўздан кечирган.
ОФКнинг эълон қилган тақвимига кўра, мусобақанинг финал босқичи 2028 йил 25 январдан 5 февралгача ўтказилиши режалаштирилган.
Унда Осиёнинг 16 та миллий терма жамоаси иштирок этади.
Қайд этиш жоизки, ОФК қўмитасининг мезбон мамлакат бўйича тавсияси ташкилот Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланиши керак.

Изоҳлар мавжуд емас