Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида ўтказилган имконияти чекланган шахматчилар ўртасидаги IV Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 35 та медаль қўлга киритди. Мусобақада мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган 18 нафар спортчи 15 та олтин, 13 та кумуш ва 7 та бронза медалига сазовор бўлди.
Чемпионатда Осиёнинг олтита жамоасидан 50 нафар шахматчи иштирок этган. Ўзбекистонлик спортчилар айниқса классик шахмат йўналишида юқори натижа кўрсатган.
Улар ушбу йўналишда 5 та олтин, 4 та кумуш ва 3 та бронза — жами 12 та медаль билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган.
Мусобақа якунлангач, спортчилар Тошкент халқаро аэропортида Спорт вазирлиги, Миллий паралимпия қўмитаси, Ўзбекистон шахмат федерацияси вакиллари, мураббийлар ҳамда яқинлари томонидан кутиб олинган.
Тантанали маросимда чемпион ва совриндорларга эсдалик совғалари топширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон делегацияси Японияда ўтказилган V Пара Осиё ўйинларини 145 та медаль билан умумжамоа ҳисобида учинчи ўринда якунлаганди.

Изоҳлар мавжуд емас