Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жаҳон чемпионатининг А ва В гуруҳларида иккинчи тур учрашувларидан сўнг плей-офф учун кураш янада қизғин тус олди. Мексика муддатидан олдин кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритган бўлса, Канада ва Швейцария ҳам чиқиш имкониятларини сезиларли даражада оширди.
А гуруҳида Мексика Жанубий Корея устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақада плей-оффга чиққан илк жамоага айланди. Учрашувдаги ягона голни иккинчи бўлимда Луис Ромо киритди. Икки турдан кейин мексикаликлар ҳисобида 6 очко бор.
Аввалроқ Чехия ва Жанубий Африка Республикаси 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган эди. Ҳар икки жамоа бир очкодан тўплаган бўлиб, кейинги босқичга чиқиш имкониятини сақлаб қолмоқда.
Сўнгги турда Мексика — Чехия, Жанубий Корея — Жанубий Африка Республикаси учрашувлари бўлиб ўтади. Гуруҳда ҳозирча ҳеч бир жамоа расман мусобақани тарк этмаган.
В гуруҳида Канада Қатарни йирик 6:0 ҳисобида мағлуб этди. Бу Канада миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионатлари тарихидаги илк ғалабаси бўлди. Жонатан Дэвид хет-трик қайд этди. Қатар эса баҳсни икки нафар футболчисиз якунлади.
Гуруҳнинг иккинчи учрашувида Швейцария Босния ва Герцеговинани 4:1 ҳисобида таслим этди. Икки турдан кейинги жадвалдв Канада — 4 очко, Швейцария — 4 очко, Босния ва Герцеговина — 1 очко, Қатар — 1 очко жамғарди.
Сўнгги турда Канада — Швейцария, Босния ва Герцеговина — Қатар учрашувлари бўлиб ўтади. Қатарнинг кейинги босқичга чиқиш имконияти жуда мураккаблашган. Жамоа аввало Босния ва Герцеговинани мағлуб этиши, шунингдек, энг яхши учинчи ўрин соҳиблари рейтинги орқали плей-оффга чиқиш учун бошқа натижалар ҳам ўз фойдасига ҳал бўлишини кутишига тўғри келади.

Изоҳлар мавжуд емас