Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. "Мен ҳам аксарият қизлар сингари, пул топиш учун дарбадар юриш ва ўз танам билан савдо қилишдан кўра, уй-жойга эга бўлишни хоҳлайман."Бу шафқатсиз одамларнинг қўлида ўйинчоқ бўлиб қолган 25 ёшли Ойшанинг сўзлари. Ўтган йили қиз ўз Ватанига қайтиб, дугонаси билан Дубайдаги фохишахонадан қочишга муваффақ бўлган. Тахминан уч ой давомида қизга бой ҳаёт ваъда қилиб, жинсий қулликда сақлашган. Бундай даҳшатли тақдирни ҳар йили йирик халқаро одам саводгарлари тўдасига тушиб қолган ватандошларимизни бошидан кечиради.
Калтаклашган ва ишлашга мажбур қилишган
Ойша ота-онасини жуда эрта йўқотган. Қиз 14 ёшида бўлганида улар вафот этишган. Натижада у синглисини ёқтирмайдиган акасининг қарамоғида қолган. Бир куни яна бир жанжалдан кейин қиз уйдан қочиб кетган.
“Кўчада пулсиз қолганимни эслаш қийин. Натажада менга бошпана ва овқат беришга ваъда қилинган фохишахонага тушдим. Эвазига танамни сотишим керак эди. Мен ёш бўлганим боис қочишга қўрқдим. Чунки барча қочқинларни тутиб олиб, аёвсиз уришарди. Бу ҳолат бир неча йил давом этди. Балким кимдир мени қоралар, лекин ўша даврда кимдан нажот сўрашди билмадим, ортга йўл қолмаган эди, мен на танишларим, на қариндошларимга керак бўлмай қолдим”, -деди у.
“Ўтган йили бир эркак билан танишиб қолдим, у менга Дубайдаги ошхонада ишлашни таклиф қилди. Боришимиз биланоқ, паспортларимизни тортиб олишди, мехмонхонадан жой бериб, эркакларга хизмат кўрсатишга мажбур қилишди. Акс ҳолда уришарди. Бир кунда 30тагача эркак билан бўлардик. Бизни қамаб қўйганликлари боис, ҳеч қаерга чиқишнинг имкони йўқ эди. Хоналарда кузатув камералари ўрнатилган эди. Ҳар-бир ҳаракатимиз қайд қилиб борилган. Бир куни мен полицияга қўнғироқ қилишга муваффақ бўлдим ва элчихонанинг ёрдами билан Ватанимизга қайтдим. Ҳозирда официант бўлиб ишлаяпман ва ҳаётимни қайта бошлашга ҳаракат қилаяпман”, - дея қўшимча қилди Ойша.
Рақамлар нима дейди? Қурбонлар статистикаси
Кўп одамлар ўзлари ва фарзандлари учун яхши келажакни таъминлаш учун чет элга пул ишлашни афзал кўришади. Аммо ҳар доим ҳам режа ҳақиқатга айланмайди, баъзида улар одам савдоси қурбонига айланади. Ўшанда Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги одам савдосига қарши бўлими ходимлари ёрдамга келади, ўтган йили уларга 70 га яқин ариза келиб тушган.
Жорий йилнинг бошидан бери тўрт киши ариза билан мурожаат қилган, шундан иккитасида болалар савдоси билан боғлиқ жиноий ишлар қўзғатилган. Яна иккита ҳолат қизларни БААга ёллаш билан боғлиқ.
"Кўпинча одамлар бизга ёрдам сўраб мурожаат қилишади, уларнинг кўплари ўз ватанларига қайтишни сўрашади", дейди ўта муҳим ишлар бўйича тезкор вакил, подполковник Тўлқин Элбоев. – Ўтган йили биз 18 фуқарога қайтишга ёрдам бердик. Яна учта мурожаат қилган киши ҳужжатларни расмийлаштиришни кутмоқда.
Ўтган йили бўлим ходимлари томонидан одам савдоси қурбонларининг 20 та ҳолати қайд этилган, улардан 13 тасида аёллар зарар кўрган, учта факт чақалоқ савдоси билан боғлиқ, тўртта ҳолатда – эркаклар фирибгарларнинг исканжасига тушиб қолишган. Фактлар шуни тасдиқлайдики, одам савдоси қурбонлари бўлган аёллар чет элларда асосан жинсий мақсадларда ишлатилган. Жиноятчиларнинг мақсади - қурбонларнинг жинсий хизматлари учун мижозлардан пул олишдир. Болалар савдоси билан боғлиқ жиноятларга келсак, улар асосан бойиш мақсадида содир этилади.
Барбод бўлган тақдирлар
Биз бўлиб ўтган суҳбат давомида қахрамонимизнинг айтишича, у дугонаси билан ҳанузгача юзларини яширишга мажбур, чунки собиқ “хўжайинлари”дан жуда қўрқишаркан.
“Мен ҳозирда кафеда официант бўлиб ишляпман. Пулим овқатланиш ва уйнинг ижарасига етади холос. Агарда вақтди қайтаришнинг иложи бўлганида эди, қанчалик мураккаб бўлмасин, уйимдан кетмасдим. Бегона ва ёқимсиз эркаклар билан бўлиш нақадар оғир эканлигини тасаввур ҳам қила олмайсиз. Булар асосан тери ҳидидан сасиб кетган ҳиндулар эди. Тўғрисини айтганда, ўтмишни эслашни истамайман, кўпчилик аёллар каби ўз муҳаббатимни топишни, уй-жой, фарзандлик бўлишни хохлайман. Лекин бу борадаги умидларим сўниб бормоқда”, - деди Ойша.
Қурбонларга ким ёрдам беради?
Албатта, бу саволга кўпчилик ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси, деб жавоб қайтарар. Аммо, барча қурбонлар ҳам ариза ёзиш ва алдов ҳақида ёзишга тайёр эмас. Жинсий зўравонлик масаласида эса шикоят қилиш айниқса оғир.
Йигирма йилдан ортиқ вақт давомида одам савдоси қурбонларига “Истиқболли Авлод” (Келажак авлоди) республика ижтимоий-ахборот маркази ёрдам бериб келмоқда. Бугунги кунда у одам савдоси ва зўравонликнинг бошқа шаклларига қарши курашда мамлакатда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди.
"Бизнинг амалиётимизда шундай ҳикоялар борки, болаликдан жароҳат олган аёллар ёки жинсий зўравонлик қурбонлари мурожаат қилишади, лекин улар менталитет туфайли ёки ўз хавфсизлигидан қўрқиб, бир неча йиллар давомида дуч келган зўравонлик ҳолатлари ҳақида гапиришдан уяладилар. Зўравонлик қурбонларининг ўзлари қораланишдан қўрқиб, жароҳатлари ҳақида сукут сақлашни афзал кўришади, - деди “Истиқболли авлод”нинг Самарқанд филиали директори Мадина Нажмиддинова. – Жинсий зўравонликнинг ҳар қандай намоён бўлиши, қоида тариқасида, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига етиб борса ҳам, эҳтиёткорлик билан яширинган. Натижада, аризалар ва суд ишлари йўқ-статистика ҳам йўқ"- деди суҳбатдошимиз.
"Бу йил биз аёлларнинг жинсий эксплуатацияси билан боғлиқ иккита ҳолатни қайд этдик, иккаласи ҳам ҳозирда Ҳиндистонда ва энди уларнинг уйга қайтиши масаласи ҳал қилинмоқда",– дея қўшимча қилди у.
П/С. Биз жинсий қулликка тушиб қолган аёлнинг фақат битта ҳикоясини келтирдик, аммо бузилган ҳаёт ва умидсизлик билан боғлиқ бундай қайғули ҳикоялар жуда кўп ва афсуски, кўпчилик бу ҳақда гапиришга иккиланиб, бошқаларнинг қораланишидан қўрқишади. Эҳтимол, агар ҳар биримиз атрофимизга ва бошқа бировнинг дардига диққатли бўлсак-қайғули якун топадиган ҳикоялар камроқ бўлади …
Замира Болтаева.
Изоҳлар мавжуд емас