Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россия дунёвий қадриятларни мустаҳкамлаш, жумладан, қўшхотинликка қарши кураш ва ниқоб тақишни чеклашда Ўзбекистон тажрибасидан фойдаланиши мумкин. Президент ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раҳбари Валерий Фадеев республикада қабул қилинган қонунларни "қатъий ҳаракатлар" деб атади ва бу тажриба Россия жамияти учун фойдали бўлишини таъкидлади.
"Мана яқинда [Ўзбекистонда] ҳам қонунлар қабул қилинди, сиз уларни яхшироқ биласиз, биз Россияда ўрганяпмиз. Қўшхотинлик, ниқоб. Бу жуда қатъий ҳаракатлар эди. Бу муҳокама Россияда кетмоқда," - деди у миграция сиёсатини такомиллаштиришга бағишланган давра суҳбатида.
Унинг таъкидлашича, мамлакатнинг айрим ҳудудларида норасмий тарзда кўпхотинлилик кенг тарқалган ва буни реал муаммо деб атади.
"Буни нима қилиш керак? Бизда Россияда расман қўшхотинликка рухсат беришга чақирувчи овозлар янграмоқда, бу борада жиддий мунозара кетмоқда", - деди Россия ИҲК раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда давлатнинг дунёвийлиги қатъий жорий этилмоқда: икки ёки ундан ортиқ аёл билан бирга яшашни тарғиб қилганлик, жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини ёпиб юрганлик учун жиддий жазо белгиланган.
"Бу ғалати туюлиши мумкин, лекин биз ўрганишимиз керак бўлган нарсалар бор", - дея хулоса қилди сиёсатчи.
Эслатиб ўтамизки, 2024 йил охирида Россия мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши диний мақсадларда қўшхотинликка рухсат берувчи илгари чиқарилган фатвони қайтариб олган эди.
Қайд этиш жоизки, 2024 йилда Ўзбекистонда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг қўшхотинлиликни тарғиб қилиш ва жинс бўйича камситишга қарши курашишга қаратилган янги моддалари билан 21 нафар шахс жавобгарликка тортилган.

Изоҳлар мавжуд емас