Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россиялик аёл Қозоғистонда ҳужжат расмийлаштириш жараёнини ҳақоратли сўзлар билан танқид қилиб, ўзини "Россиядаги ўзбек муҳожиридек" ҳис қилаётганини айтган видеоси учун маъмурий қамоққа олинди.
Олмаота шаҳар ихтисослаштирилган маҳаллий маъмурий суди Россия Федерацияси фуқаросини ижтимоий тармоқларда уятли сўзлар ишлатгани учун "Майда безорилик" моддаси билан айбдор деб топган. Ички ишлар органлари томонидан олиб борилган текширувлар натижасида жамоат жойи ҳисобланган ижтимоий тармоқларда оммавий равишда қўпол сўкиниш ҳолати тасдиқланган ва ҳуқуқбузарга нисбатан 10 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Воқеа россиялик аёл Олмаотада хориж банк картасини олиш учун ИИН (солиқ рақами) олишдан бошлаб, норезидентлик мақомини тасдиқлагунча бўлган жараёнда ташкилотлар ўртасида овора бўлаётганидан норозилик билдиргани билан бошланган. У ўз видеомурожаатида "Ўзини худди Россияда сарсон бўлаётган ўзбек муҳожиридек" ҳис қилаётганини ва ҳар ерда уни ҳайдашаётганини уятли сўзлар билан баён қилган.
Ушбу видео ижтимоий тармоқларда кескин норозиликларга сабаб бўлган. Қозоғистонлик жамоат арбоби Танирберген Бердонгаров ҳуқуқ-тартибот идораларини хорижлик фуқаронинг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо беришга чақирган. Россиялик таниқли журналист Ксения Собчак ҳам вазиятга муносабат билдириб, Москвадан келган меҳмон мақоми Қозоғистонда ҳеч қандай имтиёз бермаслигини, Россиянинг ўзида ҳам хорижликлар учун биометрия ва рўйхатдан ўтиш тизими жуда қаттиқ эканини эслатиб ўтган.
Полиция департаменти хорижлик фуқаролар томонидан жамоат тартибини бузиш ва маҳаллий қонунчиликка ҳурматсизлик қилиш ҳолатларига нисбатан қонуний чоралар қатъий давом эттирилишини маълум қилган.

Изоҳлар мавжуд емас