Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ҳўрмуз бўғозида нефть ташишнинг узоқ вақтга издан чиқиши ортидан Саудия Арабистонининг ушбу сув йўлини четлаб ўтувчи асосий нефть қувури ҳам дронлар ҳужуми сабаб тўхтатилди. Бу орада Ямандаги хусийлар Боб-ал-Мандеб бўғози атрофидаги назоратни кучайтириб, Саудия энергетика инфратузилмасига ҳужумларни давом эттирмоқда, Россияда эса Украина дрон зарбалари оқибатида олтита энг йирик дизель ишлаб чиқарувчи заводдан учтасида ишлаб чиқариш кескин қисқарган ёки тўхтаган.
Бу ҳодисалар нефть бозори билан бирга тайёр ёқилғи таъминотига ҳам босимни кучайтирмоқда. Айниқса, дизель ёқилғиси бўйича глобал танқислик хавфи ортиб бораётгани ҳақида АҚШ нефть компаниялари раҳбарлари огоҳлантирмоқда. The Wall Street Journal маълумотларига кўра, улар бозорда таъминотни барқарорлаштириб келган захира ва механизмлар тобора тугаб бораётганини таъкидлаган.
Ҳўрмуз бўғозидаги узилиш бозордаги биринчи ва энг катта зарба бўлган. Ушбу йўлак орқали дунё нефтининг катта қисми ташилади. Танкерларга ҳужумлар кучайиши ортидан 10 сентябрь куни Brent нефти нархи биржа савдоларида 6 фоиздан зиёд ошиб, баррели 107,63 долларга, WTI эса 102,48 долларга етган. Бу нархлар май ойидан бери қайд этилган энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлган.
Ҳўрмуздаги муаммо Саудияни нефтини бошқа йўл орқали экспорт қилишга мажбур қилган эди. Мамлакатда шарқий нефть конларини Қизил денгиз соҳилидаги Янбу порти билан боғлайдиган East-West қувури мавжуд. Унинг асосий афзаллиги — нефтьни Ҳўрмуз бўғозидан ўтказмасдан экспорт қилиш имконини бериш эди.
Аммо сентябрь ойида ушбу қувур ҳам ҳужумга учраган. Дронлар зарбаси натижасида қувурнинг насос станциялари зарарланган ва Саудия уни вақтинча ёпган. Маълумотларга кўра, ушбу қувурнинг тўхташи жаҳон нефть таъминотининг 4 фоизигача қисми хавф остида қолишига олиб келиши мумкин. Айрим таҳлилчилар қувур орқали ташилиши мумкин бўлган нефть ҳажмини кунига тахминан 2,5 миллион баррел деб баҳолаган.
Шу ерда вазият яна бир йўналишда мураккаблашмоқда. Саудия нефтини Ҳўрмуздан четлаб, Қизил денгиз орқали олиб чиқиш имкониятига таяниши керак бўлган бир пайтда, Боб-ал-Мандеб бўғози ҳам хавфли ҳудудга айланди.
Ямандаги хусийлар ҳаракати стратегик бўғоз атрофида ҳудудларни эгаллаб, Қизил денгиздаги кемалар ҳаракатига босимни кучайтирмоқда. Хусусан, хусийлар Қизил денгиз соҳилида олдинга силжиб, Боб-ал-Мандеб бўғозига яқин ҳудудлар устидан назоратни кучайтиргани ҳақида хабар берган эдик. Бу йўлак халқаро денгиз савдосининг энг муҳим нуқталаридан бири ҳисобланади.
Хусийлар Саудия энергетика инфратузилмасига ҳам ҳужум қилмоқда. Уларнинг ҳужумлари Саудия нефтини Қизил денгиз орқали экспорт қилиш йўналишига таҳдидни кучайтирган. Натижада Саудиянинг Ҳўрмузни четлаб ўтувчи муқобил маршрути ҳам хавф остида қолмоқда.
Яъни ҳозир Саудия учун муаммо фақат битта бўғозда эмас: Ҳўрмузда нефть танкерлари ҳаракати чекланган, уни айланиб ўтиш имконини берувчи қувур эса зарарланган, Қизил денгиздаги Боб-ал-Мандеб йўналишига эса хусийлар босими кучайган.
Бунинг устига Россияда ҳам аҳвол яхши эмас. У ердаги нефтьни қайта ишлаш қувватларига берилган зарбалар энергитика тизимида глобал инқироз сари дунёни етакламоқда.
Reuters 15 сентябрда хабар беришича, Россиянинг дизель ишлаб чиқариш бўйича энг йирик олтита заводидан учтаси сентябрь ойида Украина дрон ҳужумлари ортидан ишлаб чиқаришни кескин қисқартирган ёки бутунлай тўхтатган. Улар орасида Киришский, Волгоград ва НОРСИ нефтьни қайта ишлаш заводлари бор. Ушбу олтита завод Россиядаги дизель ишлаб чиқаришининг тахминан ярмини таъминлайди.
Айрим заводларда ишлаб чиқариш қувватининг фақат 25 фоизи ишлаётган ҳолатлар ҳам қайд этилган. Натижада Россиянинг ўзида дизель таъминотига босим кучайган ва Москва бензин, дизель ҳамда авиация ёқилғиси экспортига чекловларни кучайтирган.
Бу глобал бозор учун муҳим, чунки Россия нефть қазиб олиш билан бирга тайёр нефть маҳсулотларининг ҳам йирик экспортчиларидан бири. Экспорт чекловларигача Россия ойига ўртача 3,3–3,4 миллион тонна дизель ва газ суюқлигини экспорт қилган. Туркия ва Бразилия эса асосий харидорлар қаторида бўлган.
Шундай қилиб, жаҳон бозорига таъсир қилаётган муаммолар бир-бирини тўлдирмоқда. Яқин Шарқда хом нефть ташиладиган асосий денгиз йўли — Ҳўрмуз — издан чиққан. Саудиянинг уни четлаб ўтувчи нефть қувури ҳам ишдан чиққан. Қизил денгиздаги муқобил йўналиш Боб-ал-Мандебда хусийлар босими остида. Россияда эса нефтьни тайёр ёқилғига айлантирадиган йирик заводларнинг бир қисмини йўқотмоқда.
Бу ҳолатда муаммо фақат нефть нархининг ошиши билан чекланмайди. Нефтьни ташиш қийинлашса, хомашё камаяди; Нефтни қайта ишлаш заводлари ишламаса, хом нефть бўлса ҳам бензин ва дизель ишлаб чиқариш ҳажми кескин пасаяди. Шунинг учун ҳозирги вазиятда айниқса дизель бозорида босим кучаймоқда.
АҚШда ҳам бу таъсир сезилмоқда. WSJ маълумотларига кўра, 15 сентябрь ҳолатига кўра мамлакатда дизель нархи бир галлон учун 6,23 долларгача чиқиб, рекорд даражага етган. Бензин нархи эса 4,32 доллар атрофида бўлган.
Chevron раҳбари Майк Вирт эса бозорни аввалги шоклардан ҳимоя қилиб келган механизмларнинг катта қисми ишлатиб бўлинганини айтган. Унинг таъкидлашича, ҳозир Эрон билан можаро бошланган пайтдагидек катта захиралар мавжуд эмас ва вазиятнинг тез орада енгиллашишига ишора қиладиган омиллар ҳозирча кўринмаяпти.
Шу сабабли ҳозирги нефть инқирозининг асосий хусусияти — битта йирик объектнинг зарарланиши эмас, балки таъминот занжирининг турли нуқталари бир вақтнинг ўзида узилаётгани. Ҳўрмузда танкерлар ҳаракати, Саудияда қувур орқали экспорт, Қизил денгизда денгиз қатнови ва Россияда дизель ишлаб чиқаришга бир вақтда босим тушмоқда. Бу эса глобал ёқилғи бозоридаги танқисликни чуқурлаштириши мумкин.

Изоҳлар мавжуд емас