Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Янги чекловлар кибержиноятларда айбланаётган шахслар билан бирга уларнинг яқинларига ҳам татбиқ этилади. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио маълум қилди.
АҚШ Давлат департаменти маълумотига кўра, янги виза сиёсати киберфирибгарлик, жинсий товламачилик (сексуал шантаж) ва бошқа кибержиноятларга алоқадор деб топилган ёки шундай жиноятларда гумон қилинаётган шахсларга нисбатан қўлланилади. Чекловлар уларнинг оила аъзоларига ҳам тааллуқли бўлади.
Марко Рубионинг таъкидлашича, ушбу чоралар техник жиҳатдан барчага нисбатан амал қилса-да, асосий эътибор Хитой трансмиллий жиноий гуруҳлари фаолиятига қаратилган. Унинг сўзларига кўра, 2024 йилда бундай фирибгарлик схемалари оқибатида АҚШ фуқаролари камида 10 миллиард доллар зарар кўрган. Шунингдек, чет эллик жиноятчилар америкалик болаларни жинсий товламачилик орқали нишонга олиб, оилаларга жиддий зарар етказган.
Бу АҚШнинг сўнгги вақтларда жорий этаётган навбатдаги виза чекловларидир. Бундан олдин Дональд Трамп маъмурияти хорижлик талабалар, маданий алмашинув дастури иштирокчилари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари учун виза муддатини қисқартириш ҳамда назоратни кучайтириш тўғрисидаги янги қоидани эълон қилганди.
Ички хавфсизлик вазирлиги (DHS) томонидан тақдим этилган мазкур тартиб халқаро виза тизимида ярим асрдан бери амал қилиб келган ва виза эгаларига дастур тугагунга қадар мамлакатда қолиш имконини берган қоидаларни бекор қилиб, улар учун аниқ ва қатъий чекланган муддатларни белгилайди.

Изоҳлар мавжуд емас