Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Пекин билан муносабатлардаги зиддиятни юмшатиш учун Хитой импортига божларни ҳозирги 145 фоиздан 50-65 фоизгача пасайтириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Batafsil.uz мухбири хабар бермоқда.
Бу ҳолда стратегик ва бошқа товарларни фарқлашга йўл қўйилади. Оқ уй импорт АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид солмайдиган товарларга 35 фоизлик бож жорий этиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Вашингтон стратегик деб ҳисоблаган товарларга ставкалар 100 фоиздан ошиши мумкин.
"145 фоиз - бу жуда кўп," - деди АҚШ президенти Доналд Трамп. Унинг қўшимча қилишича, божлар "сезиларли даражада камаяди", аммо ставка "ноль" бўлмайди.
"Биз жуда илтифотли бўламиз. Улар жуда илтифотли бўлишади, кейин нима бўлишини кўрамиз. Аммо, охир-оқибат, улар келишув тузишга мажбур бўлади, чунки акс ҳолда улар Қўшма Штатлар билан ишлай олмайди," - дея қўшимча қилди президент ва Пекин билан қаттиқ ўйнамасликка ваъда берди.
Трампнинг тушунтиришича, бундай оптимизмнинг сабаби ХХР раиси Си Цзинпин билан "ажойиб муносабатлар"га асосланган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ февраль ойида Хитойдан импорт қилинадиган товарларга божларни кескин ошира бошлаган эди. Апрель ойининг ўрталарига келиб улар 145 фоизга етди. Пекин бунга жавобан Қўшма Штатлардан келадиган маҳсулотларга божларни 125 фоизгача оширди ва баъзи фойдали қазилмалар экспортига чекловлар қўйди. Ўшанда Оқ уй Хитойга 245% бож билан таҳдид қилганди.
Эслатиб ўтамизки, апрель ойида Трамп 200 дан ортиқ давлат ва ҳудудларнинг товарларига нисбатан божлар жорий этилишини эълон қилганди. Кейинроқ у АҚШга жавоб чораларини кўрмаган 75 давлатга нисбатан 90 кунлик танаффус эълон қилди, бу даврда базавий ставка 10 фоизни ташкил этади.
Изоҳлар мавжуд емас