Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Исроил ва АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг Эрон ҳудудидаги стратегик обектларга берган кенг кўламли ҳаво зарбаларидан сўнг Яқин Шарқдаги вазият кескинлашди. Халқаро ташкилотлар ва етакчи давлатлар можаронинг янада авж олишидан хавотир билдирмоқда.
Операция кўлами
Расмий маълумотларга кўра, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари Эрон ядровий дастури билан боғлиқ учта асосий объект - Фордо, Натанз ва Исфаҳонга зарба берган. Операциянинг мақсади, Вашингтонда айтилишича, Эроннинг уранни бойитиш имкониятларини чеклаш ва унинг ядровий дастури ривожланишини тўхтатиш бўлган. Операциялар расмий Midnight Hammer номини олди.
Зарбанинг асосий объекти Фордодаги ер ости мажмуаси бўлган. АҚШ президентининг баёнотига кўра, у бутунлай йўқ қилинган. Ҳужум учун В 2 стратегик бомбардимончи самолётлари ишлатилган бўлиб, улар 12 та ГБУ 57 махсус ўтувчи ҳаво бомбаларини ташлаган. Ушбу ўқ-дорилар чуқур ҳимояланган ер ости нишонларини йўқ қилиш учун мўлжалланган. Натанз ва Исфаҳондаги обектлар сув ости платформаларидан учирилган BGM 109 Tomahawk қанотли ракеталари билан зарбага тушган. Ҳаммаси бўлиб 30 га яқин ракета учирилган.
Ўз навбатида, Исроил Эроннинг етти вилоятидаги нишонларга, жумладан, пойтахт Теҳронга ҳужум қилган. Қурол-яроғ омборлари, ҳаво ҳужумидан мудофаа қўмондонлик пунктлари, радиолокацион станциялар, шунингдек, Исроил разведкаси маълумотларига кўра, ядровий компонентларни ишлаб чиқиш билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган ер ости иншоотлари нишонга олинган.
Эрон муносабати
Эрон Мудофаа вазирлиги ҳужумлар содир бўлганини тасдиқлади ва нишонга айланиши мумкин бўлган объектлардан ходимлар олдиндан эвакуация қилингани ва тахминан 400 килограмм бойитилган уран олиб кетилганини маълум қилди. Ушбу чора-тадбирлар туфайли радиацион зарарланишдан қутула олинди.
Зарбадан икки кун олдин олинган сунъий йўлдош тасвирлари Фордодаги объектлар яқинида юк машиналари ҳаракатланаётганини кўрсатди.
Можаронинг кескинлашуви шароитида Эрон парламенти шошилинч равишда жаҳон нефть савдоси учун энг муҳим транспорт артерияси бўлган Ормуз бўғозини ёпиш тўғрисидаги қарорни маъқуллади. Бу нефть нархининг кескин ошишига сабаб бўлди: бир баррель нархи 100 долларга яқинлашди, ўнлаб танкерлар Форс кўрфази сувларини тарк эта бошлади. Материал эълон қилинган вақтда нефть нархи бир баррель учун 76,44 долларни ташкил қилади.
МАГАТЭ позицияси
Атом энергияси бўйича халқаро агентлик бош директори Рафаэл Гросси Фордо, Натанз ва Исфаҳондаги объектлар зарбага учраганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, иншоотлар ҳақиқатан ҳам шикастланган, бироқ вайронагарчилик даражасини, айниқса, ер ости хоналарини баҳолаш ҳозирча имконсиз. Шу билан бирга, Эрон назорат органлари таъкидлаганидек, объектлардан ташқарида радиация фонининг кўтарилиши қайд этилмаган. Аввалроқ Трамп операция давомида Эроннинг барча ядровий обектлари йўқ қилинганини маълум қилганди.
Халқаро муносабат
Россия ва Хитой АҚШ ва Исроилнинг ҳаракатларини кескин қоралади. Москва Ғарб давлатларини халқаро ҳуқуқни бузишда ва минтақавий барқарорликка путур етказишда айблаб, БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишини чақиришни талаб қилди. Пекин Ормуз бўғозидаги вазиятдан хавотир билдириб, можаронинг янада ривожланиши глобал энергетика хавфсизлигига жиддий зарар етказиши мумкинлигини таъкидлади.
Вазиятнинг кескинлашувига жавобан Эрон ташқи ишлар вазири маслаҳатлашувлар ўтказиш учун Москвага келди. У зарбаларни агрессия ҳаракати деб ҳисоблашини таъкидлаб, минтақада хавфсизлик масалалари бўйича Россия билан стратегик ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини айтди.
Ижтимоий муносабат
Ҳарбий ҳаракатлар фонида АҚШда урушга қарши намойишлар бошланди. Нью-Йорк, Лос-Анжелес, Чикаго ва бошқа шаҳарларда одамлар эскалацияни тўхтатиш учун кўчаларга чиқишди. Шунингдек, намойишчилар Фаластин аҳолисини қўллаб-қувватлашини билдирган. Хусусан, Таймс-скверда акция иштирокчилари президент Трампга қарши шиорлар айтиб, уни "ҳарбий жиноятчи" деб атаган.
Яқин Шарқдаги вазият жадал ривожланишда давом этмоқда. Эронга берилган зарбалар унинг ядровий обектларига қарши сўнгги ўн йилликлардаги энг йирик ҳарбий операция бўлди. Шу аснода можаронинг барча томонларига халқаро босим кучаймоқда ва экспертлар огоҳлантирмоқда: кескинликни юмшатиш чоралари кўрилмаса, минтақа кенг кўламли уруш ёқасида қолиши мумкин.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон ҳукумати Яқин Шарқдаги вазият кескин ёмонлашгани сабабли фуқароларни Исроил ва Эронга саёҳат қилишдан сақланишга чақирган эди.

Изоҳлар мавжуд емас