Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Саудия Арабистони ва Уммон Яман ҳамда Ҳурмуз бўғозидаги хавфларни айланиб ўтувчи янги қуруқлик логистика йўлагини йўлга қўйди. Уммоннинг Соҳор портини Саудия Арабистонининг SPARK қуруқ порти билан боғловчи ушбу маршрут минтақавий савдо хавфсизлигини таъминлаш ва юк ташиш вақтини қисқартиришга қаратилди.
Хорижий оммавий ахборот воситалари хабар беришича, лойиҳа доирасида Саудия Арабистонининг SPARK Logistics ҳамда Уммоннинг Arkan Logistics компаниялари ўртасида стратегик ҳамкорлик битими имзоланди. Мазкур «Хавфсиз яшил қуруқлик йўлаги» Қизил денгиз ва Ҳурмуз бўғозидаги беқарорлик шароитида денгиз йўлларига қарамликни камайтиради ҳамда юкларни Саудия Арабистонининг шарқий саноат ҳудудларига тўғридан-тўғри етказиб бериш имконини яратади.
Йўлакнинг асосий инфратузилмасини Роб ал-Хали саҳроси орқали ўтувчи, Саудия ҳудудидаги узунлиги 564 километр бўлган автомобиль йўли ташкил этади. Ушбу йўлнинг қурилишига тахминан 533 миллион доллар ёки 2 миллиард саудия риёли сарфланган.
Бундан ташқари, ушбу маршрут нафақат товарлар оқимини оширади ва ташиш харажатларини камайтиради, балки чегара ҳудудларида омборхона, тарқатиш ҳамда логистика хизматларининг ривожланишига хизмат қилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, янги қуруқлик логистика йўлаги Саудия Арабистонининг «Vision 2030» дастури ва Миллий транспорт ва логистика стратегиясига мос келиб, мамлакатнинг ЯИМдаги логистика улушини 6 фоиздан 10 фоизга оширишга қаратилган.
Лойиҳа халқаро ишлаб чиқарувчилар ва савдогарлар учун инқирозлар пайтида ҳам очиқ қоладиган хавфсиз ва денгиз йўлларига муқобил савдо маршрутини тақдим этади.
Аввалроқ Саудия Арабистони, Покистон ва Туркия Макка шаҳрида ўзаро мудофаа келишувини имзолаганди.

Изоҳлар мавжуд емас