Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрондаги намойишлар чоғида содир бўлган қотилликлар камаяётгани ва оммавий қатллар режалаштирилмагани ҳақидаги хабарлардан сўнг, ҳарбий аралашув борасидаги кескин риторикасини юмшатди.
Оқ уйда қилган чиқишида Трамп "нариги томондаги муҳим манбалар"га таяниб, Эрон ҳукумати намойишчиларни бостириш жараёнини сусайтирганини маълум қилди. Бу баёнотдан сўнг жаҳон бозорида нефть нархи тушишни бошлади, олтин нархи эса рекорд даражадаги юқори нуқтадан пасайди. Бироқ, АҚШ етакчиси Эронга қарши ҳарбий чоралар кўриш эҳтимолини ҳали тўлиқ инкор этгани йўқ.
Вазият ўта қалтис бўлиб турган бир вақтда Қатардаги Ал-Удейд базасидан (АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг йирик базаси) баъзи ҳарбийлар эвакуация қилина бошлади. Қатар расмийлари буни минтақадаги кескинликка нисбатан кўрилаётган чора сифатида изоҳлаган. Эрон эса ўз навбатида, АҚШ ҳужум қилган тақдирда қўшни давлатлардаги Америка базаларига зарба бериши ҳақида огоҳлантирган.
2026 йил январида иқтисодий муаммолар сабабли бошланган намойишлар 1979 йилги инқилобдан кейинги энг қонли тўқнашувларга айланди. Тўқнашувлар оқибатида 2 500 дан ортиқ инсон ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда.
Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи "Fox News"га берган интервьюсида намойишчиларни осиш (қатл қилиш) режаси мавжуд эмаслигини таъкидлаган.
Аввалроқ 26 ёшли Эссам Солтани қатл этилиши ҳақида тарқалган хабарлар инкор этилган. Эрон давлат медиаси унга қўйилган айбловлар ўлим жазосини кўзда тутмаслигини маълум қилган.
Трамп "Reuters"га берган эксклюзив интервьюсида Эрон мухолифати етакчиси, собиқ шоҳнинг ўғли Ризо Паҳлавий ҳақида тўхталиб, уни "яхши одам" деб атаган. Бироқ, Президент Эрон халқи Паҳлавийнинг етакчилигини қабул қилиши ёки йўқлиги борасида шубҳа билдирган.
Ҳозирда Эронда намойишлар шиддати пасайган бўлса-да, мамлакатда бир ҳафтадан буён интернет ўчириб қўйилгани сабабли аниқ маълумот олиш қийинлашмоқда. Трамп маъмурияти Эрон ҳукуматининг кейинги қадамларини кузатишда давом этишини билдирган.
Бундан олдин Америка етакчиси Truth Social тармоғидаги "Эронлик ватанпарварлар, намойишларни давом эттиринг... ёрдам йўлда!" деган чақириғи Вашингтоннинг Теҳронга қарши ҳарбий амалиёт бошлаши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни кучайтирганди.
Бугун АҚШнинг эҳтимолий ҳужуми ҳақидаги хабарлар фонида Эрон ўз ҳаво ҳудудини фуқаролик авиацияси учун вақтинча ёпди. Натижада Ўзбекистонга келаётган ва мамлакатдан учиб кетган олтита рейс ўз аэропортларига қайтишга мажбур бўлди.

Изоҳлар мавжуд емас