Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШ расмийлари Венесуэлада ҳарбий амалиёт ўтказилаётганини тасдиқлади. Каракас осмонида пастлаб учувчи самолётлар кўрилган ва камида еттита кучли портлаш овози эшитилган.
Бугун, 2026 йил 3 январь, шанба куни Каракас вақт билан соат 02:00 атрофида Венесуэла пойтахтида камида еттита кучли портлаш юз берган. АҚШ расмийлари "Fox News" телеканалига Америка ҳарбийлари Венесуэла ҳудудида зарбалар бераётганини тасдиқлаган. Ушбу ҳужумлар фонида АҚШ Федерал авиация бошқармаси (FAA) барча Америка ҳаво кемаларига Венесуэла ҳаво ҳудудида учишни тақиқловчи фавқулодда буйруқ чиқарган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, портлашлар вақтида шаҳар осмонида ҳарбий самолётлар пастлаб учган. Ушбу амалиёт АҚШнинг Кариб денгизи ва Тинч океанининг шарқий қисмида гиёҳванд моддалар контрабандасига қарши бошлаган кенг кўламли кампаниясининг давоми ҳисобланади.
Венесуэла Президенти Николас Мадуро пайшанба куни АҚШ билан музокараларга тайёрлигини билдирган эди, бироқ Вашингтон босимни тўхтатмаган. АҚШ миллий хавфсизлик экспертлари Трампнинг кучли босими остида Мадуро режими тез орада қулашини прогноз қилмоқдалар. Вашингтон Мадуро ва унинг атрофидаги амалдорларни халқаро наркотрафикни назорат қилишда айблаб келмоқда.
Венесуэла ва Колумбия Вашингтонни "судсиз қотилликлар" содир этишда ва халқаро ҳуқуқ нормаларини бузишда айблаган. БМТ ҳам АҚШнинг ушбу амалиётлари инсон ҳуқуқлари ва халқаро қонунчиликка зид бўлиши мумкинлигидан хавотир билдириб, ҳужумларни тўхтатишга чақирган. Вашингтон эса ўз навбатида Мадуро режимининг юқори лавозимли амалдорларини "Қуёш картели" наркокартелини бошқаришда айблаб келмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас