Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Минтақадаги ҳарбий можаролар кескин тус олмоқда. Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси юқори лавозимли расмийси Иброҳим Жабарийнинг баёнотига кўра, Ҳўрмуз бўғози расман ёпиқ деб эълон қилинди ва у ердан ўтишга уринган ҳар қандай кема нишонга олиниши ҳақида қатъий огоҳлантириш берилди.
Ҳўрмуз бўғози жаҳондаги энг муҳим нефть экспорт йўлаги ҳисобланади. Дунё бўйича кунлик нефть истеъмолининг тахминан 20 фоизи айнан шу 33 километрлик тор сув йўли орқали ўтади.
"Агар кимдир ўтишга ҳаракат қилса, Ислом инқилоби посбонлари ва ҳарбий-денгиз флоти қисмлари бу кемаларни йўқ қилади", — дейилади расмий хабарда.
Бу қадам 28 февраль куни АҚШ ва Исроилнинг Эрон ҳарбий объектларига берган зарбаларига жавоб сифатида амалга оширилмоқда. Эрон ўз навбатида АҚШ ҳарбий базалари жойлашган Қатар, Қувайт ва Баҳрайнга, шунингдек, БАА, Саудия Арабистони ва Уммон ҳудудига ҳам ракета зарбаларини йўллаган.
Ҳормуз бўғозининг ёпилиши халқаро нефть ва газ бозорларида катта беқарорликни келтириб чиқармоқда. Бундан олдин ҳам Қизил денгиздаги ҳусийларнинг ҳужумлари туфайли юк ташишда муаммолар юзага келган эди, эндиликда эса Форс кўрфазидаги ушбу тақиқ жаҳон энергия таъминотини жиддий таҳдид остида қолдирмоқда.
Инвесторлар ва халқаро ҳамжамият вазиятнинг янада авж олиб, тўлиқ кўламли урушга айланишидан хавотирда. Айни дамда нефть нархларининг кескин кўтарилиши ва логистика занжирларининг узилиши глобал иқтисодий инқироз эҳтимолини оширмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас