Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Испанияда 2026 йил 11 ноябрь куни уй-жой инқирози, ижара нархларининг ошиши ва иш ҳақини кўпайтириш талаблари билан 24 соатлик умуммиллий иш ташлаш бўлиб ўтди. Мамлакатнинг йирик касаба уюшмалари — UGT ва CCOO ҳамда ижарачилар ташкилотлари қўллаб-қувватлаган норозилик акцияси 2012 йилдан бери ўтказилган илк умуммиллий иш ташлаш бўлди.
Хорижий ОАВ маълумотига кўра, касаба уюшмалари иш ташлашда тахминан 4 миллион киши қатнашганини билдирган. Бу Испаниядаги ишчи кучининг қарийб бешдан бир қисмига тенг. Норозилик айниқса Каталония, Андалусия ва мамлакатнинг бошқа соҳилбўйи ҳудудларида фаол кечган.
Иш ташлашнинг асосий сабаби — уй-жой нархларининг аҳоли даромадига нисбатан тез ўсиши. Испания Марказий банки ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатда 750 мингга яқин уй-жой етишмайди. 2028 йилга бориб бу фарқ бир миллиондан ошиши мумкин.
Испания Ёшлар кенгаши маълумотида эса ўртача ойлик ижара ҳақи 1 176 еврони ташкил этиши, ёшлар якка яшаш учун маошининг қарийб 98,7 фоизини ижарага сарфлаши қайд этилган.
Касаба уюшмалари айрим соҳаларда иш ташлашда иштирок этиш даражаси 90 фоизга етганини билдирган.
Хусусан, портлар ва автомобиль саноатида иш тўхтаган, Volkswagen ҳамда SEAT заводларида фаолият тўхтатилгани ҳақида хабар берилган.
Мадрид ва Барселонадаги айрим намойишлар полиция билан тўқнашувларга айланган.
Норозиликлар Испанияда 29 ноябрга белгиланган муддатидан олдинги парламент сайловлари арафасида ўтказилган.
Уй-жой муаммоси Бош вазир Педро Санчес ҳукумати учун муҳим сиёсий масалалардан бирига айланган.
Намойишчилар ижара нархларини назорат қилиш, аҳоли учун арзон уй-жойлар қуриш ва иш ҳақини оширишни талаб қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Праганинг Малостранске майдонида тўпланган юзлаб намойишчилар жумадан шанбага ўтар кечаси Чехия парламенти биносига ичкарига ёриб киришга уринганди.

Изоҳлар мавжуд емас