Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Конго Демократик Республикасида Эбола эпидемияси кучайиб, 12 август ҳолатига кўра, мамлакатнинг олти вилоятида 4 660 дан ортиқ касалланиш ва 2 184 та ўлим қайд этилди. БМТ вирус тарқалиш суръати унга қарши кўрилаётган халқаро чоралардан ошиб кетаётганидан огоҳлантирди.
БМТ Бош котиби ўринбосари, фавқулодда ёрдам координатори Том Флетчернинг билдиришича, эпидемияга қарши кураш учун Конго Демократик Республикасига Эбола бўйича махсус катта координатор ва яна 20 нафар ходим юборилган.
Халқаро донорлар эпидемияга қарши чораларга қарийб 300 миллион доллар ажратган. Шунингдек, Конго Демократик Республикаси ва унга қўшни тўрт давлат учун аввал ажратилган 24 миллион долларга қўшимча равишда 30,5 миллион доллар йўналтириш режалаштирилган.
Эпидемияга қарши кураш доирасида марҳумларни хавфсиз дафн этиш билан шуғулланувчи гуруҳлар сонини икки баробар ошириш, даволаш марказлари ресурсларини уч баробар кўпайтириш ва беморлар билан алоқада бўлган шахсларни кузатиш тизимини кучайтириш чоралари кўрилмоқда.
БМТ, шунингдек, аҳоли учун тоза сув, санитария, тиббий ёрдам ва бошқа асосий хизматлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш зарурлигини таъкидлаган.
Том Флетчер эпидемия оқибатлари янада оғирлашиши мумкинлигидан огоҳлантириб, халқаро ҳамжамиятни вазиятга нисбатан чораларни кучайтиришга чақирган.
Аввалроқ АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида илк марта кана орқали юқадиган "Бурбон" вируси қайд этилганди. Мутахассислар ҳозирча ушбу вирусга қарши тасдиқланган вакцина ёки махсус даволаш усули мавжуд эмаслигини маълум қилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас