Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2024 йил баҳорида "Крокус Сити Холл"да содир этилган терактдан қарийб 6 миллиард рубль зарар кўрилган. Нашр эълон қилинган вақтда бу сумма 74,7 миллион долларга тенг. Оммавий ҳужум концерт бошланишидан олдин содир бўлган, 140 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган ва катта вайронагарчиликларга олиб келган.
Россия Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, зарар миқдорига бинонинг шикастланиши, ускуналарнинг йўқ қилиниши ва бошқа моддий йўқотишлар киради. Бу рақамлар Санкт-Петербург халқаро юридик форумидаги чиқиши чоғида Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин томонидан эълон қилинган. Шунингдек, у жиноят ишининг ҳажми 500 жилдга яқин эканлигини билдирди.
Теракт иши бўйича 19 киши ҳибсга олинган, улардан тўрт нафари ҳужумнинг бевосита ижрочилари ҳисобланади. Яқинда, 19 май куни Москва шаҳар суди иш бўйича яна тўрт айбланувчини ҳибсга олиш муддатини тўрт ойга узайтирди.
Теракт 2024 йил 22 март куни Москва яқинидаги Красногорск шаҳрида содир этилган. "Пикник" рок-гуруҳи концерти бошланишидан бироз олдин бинога қуролланган эркаклар бостириб кириб келишган. Улар томошабинлар ва концерт зали ходимларига қарата ўт очган, шундан сўнг ёнғин келиб чиққан. Фожиа оқибатида 140 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, 1700 га яқин киши жабрланган деб топилган.

Изоҳлар мавжуд емас