Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қозоғистон Транспорт вазирлиги жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун мамлакатга олиб кириладиган автомобилларга нисбатан қўшимча талабларни белгилади. Янги тартибга кўра, олиб кирилаётган транспорт воситаларининг ишлаб чиқарилган муддати 5 йилдан ошмаган бўлиши ҳамда улар "Евро-5" экологик стандартидан паст бўлмаслиги шарт.
Тегишли буйруқ Қозоғистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг Эталон назорат банкида эълон қилинган.
Ушбу ҳужжат Инвестициялар ва ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчининг 2015 йил 26 мартдаги 342-сонли "Қозоғистон Республикаси автомобиль йўлларида ҳаракатланиш учун мўлжалланган автотранспорт воситаларининг йўл қўйиладиган параметрларини тасдиқлаш тўғрисида"ги буйруғига ўзгартириш ва қўшимчалар киритади.
Киритилган тузатишларга мувофиқ, жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлар учун олиб кириладиган автомобилларни Қозоғистон ҳудудида муомалага чиқаришга фақат белгиланган икки шартга риоя этилганда рухсат берилади.
Ушбу талаблар Евросиё иқтисодий комиссияси Ҳайъатининг 2017 йил 30 июндаги 74-сонли қарори билан тасдиқланган шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган авто ва мототранспорт воситалари рўйхатига татбиқ этилади. Мазкур ҳужжат 2026 йил 30 декабрдан бошлаб қонуний кучга киради.
Олдинроқ Қозоғистон чет элликлар учун пуллик электрон кириш рухсатномасини жорий этиши ҳақида хабар берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас