Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой туманида икки автомобиль иштирокида мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Оқибатда бир нафар йўловчи воқеа жойида вафот этди.
Фожиа Ўш — Раззаков автомобиль йўлининг 183-километрида, Оқ- турпоқ қишлоқ ҳудудида содир бўлган.
Ҳодиса вақтида Ўзбекистоннинг 45 ёшли фуқароси бошқарувидаги Cobalt ҳамда Қадамжой туманида яшовчи 43 ёшли маҳаллий фуқаро бошқарувидаги Tico машиналари тўқнашиб кетган.
Тўқнашув оқибатида Қадамжой туманида яшовчи 36 ёшли фуқаро оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган, ҳайдовчи эса Боткен вилоят бирлашган касалхонасига ётқизилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат Қадамжой тумани ИИБнинг электрон журналида рўйхатга олиниб, тегишли суриштирув ва текширув ишлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, 2026 йилнинг тўққиз ойи давомида Қирғизистонда 3 624 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилиб, уларнинг оқибатида 572 киши (жумладан, 88 нафар бола) ҳалок бўлган, яна 5 519 киши турли даражадаги тан жароҳатларини олган.
Олдинроқ Россияда даҳшатли ЙТҲ оқибатида уч кишининг ўлимига сабабчи бўлган ўзбекистонлик озодликдан маҳрум этилганди.

Изоҳлар мавжуд емас